Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштирувчи хўжаликлар ва кластерлар ўртасида пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари тупроқ ҳосилдорлиги нормативлари доирасида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг "пахта хомашёси секцияси"да ҳар бир ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси ёки тегишли вилоят) бўйича алоҳида ўтказиладиган савдолар натижаларига кўра тузилади.
Фьючерс шартномасига мувофиқ етказиб берилиши лозим бўлган ҳажмдан ортиқча етиштирилган, шунингдек, кластер билан фьючерс шартномаси тузмаган ҳолда, ўз маблағлари, шу жумладан жалб қилинган маблағлари ва тижорат кредитлари ҳисобига етиштирилган пахта хомашёси етиштирувчилар томонидан биржа орқали тадбиркорлик субъектларига сотилади ёки (ва) қайта ишланади. Бунда фьючерс шартномаси бўйича ортиқча етиштирилган пахта хомашёси фьючерс шартномаси тузилган кластерга тўғридан-тўғри сотилиши мумкин бўлади.
Шунингдек, пахта хомашёсини қайта ишлашдан олинган пахта толаси ва иккиламчи маҳсулотлар (чигит, линт ва ўлик пахта) тўлиқ ҳажмда биржа орқали сотилади.
Мазкур бандда назарда тутилган тартиб етиштирувчилар томонидан сотиладиган уруғлик пахта хомашёси учун татбиқ этилмайди.
Қарорда фермер хўжалиги ўз мажбуриятлари бўйича, шу жумладан ер ижараси, фьючерс ва кредит шартномаларида назарда тутилган мажбуриятлари бўйича ўз мол-мулки билан жавоб бериши белгиланган.
Бунда, фермер хўжалигининг бошлиғига фермер хўжалигининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда фермер хўжалигининг мажбуриятлари бўйича ўзига қарашли мол-мулк билан қонунчиликка мувофиқ субсидиар жавобгарлик юклатилади.
2024 йил ҳосилидан бошлаб пахта хомашёсини етиштириш, пахта йиғим-терими ва харидини Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб- қувватлаш жамғармасининг кредит ресурслари ҳисобидан молиялаштиришнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
а) фьючерс шартномаси тузган етиштирувчи ва уруғчилик субъектларига ҳар йили 1 октябрдан бошлаб, пахта хомашёси етиштириш учун пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 14 ойга, шу жумладан 12 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилади;
б) кластерларга:
пахта хомашёси хариди бўйича якуний ҳисоб-китоб учун пахта хомашёси қийматининг 80 фоизигача йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 10 ойга, шу жумладан 6 ойлик имтиёзли давр ва охирги 4 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;
ижара ҳуқуқи мавжуд бўлган ер участкасида пахта хомашёси етиштириш учун - пахта хомашёси қийматининг 60 фоизигача йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 24 ойга, шу жумладан 18 ойлик имтиёзли давр ва охирги 6 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан;
ижара ҳуқуқи мавжуд бўлган ер участкасида етиштириладиган пахта хомашёсининг йиғим-терими учун-пахта хомашёси қийматининг 20 фоизигача йиллик 10 фоизда (шундан, банк маржаси 2 фоиз) 12 ойга, шу жумладан 3 ойлик имтиёзли давр ва охирги 9 ой давомида тенг улушларда қайтариш шарти билан кредит ажратилади.
Фьючерс шартномасига асосан етиштирувчилардан қабул қилинган пахта хомашёси учун тўловларнинг 80 фоизи пахта хомашёси қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан, қолган қисми молия йилининг 31 декабрь кунига қадар амалга оширилади.
Кластерларни ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиши учун қуйидаги талаблар ва янгиланган тартиб жорий этилади:
а) талабгор:
тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш (ип калаваси, трикотаж мато, газлама, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бўяш) қувватларининг камида иккита босқичини йўлга қўйган бўлиши;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган, тугатилиш босқичида бўлмаган, тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатилмаган ва "ёмон" кредит тарихига эга бўлмаган ҳамда мурожаат санасида кредит (лизинг, банк кафолати, аккредитив) ва солиқлардан муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаган бўлиши шарт;
б) кластерлар фаолияти қишлоқ хўжалиги вазири билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларининг қарорлари билан ташкил этилади;
в) кластер фаолиятини ташкил этиш истагида бўлган талабгорлар очиқ ва шаффоф онлайн танлов асосида танлаб олинади;
г) Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси тугатилади;
д) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимликлари билан талабгор ўртасида кластер фаолиятини йўлга қўйиш тўғрисида уч томонлама битим тузилади;
е) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кластерлар реестрини юритади ва ушбу реестрни ўзининг расмий веб-сайтида доимий равишда эълон қилиб боради;
ж) 2024 йил ҳосили учун фьючерс шартномалари тузишда мазкур банднинг "а" кичик бандида назарда тутилган қоидалар, истисно тариқасида, амалда фаолият юритаётган кластерларга татбиқ этилмайди.
ЎзА