Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги: йил якунлари ва келгуси йил режалари
15:08 / 2025-12-27

Жиззах вилояти ҳокимлигида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида жорий йил давомида амалга оширилган ишлар якунлари ҳамда келгуси йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев бошчилигида муҳокама қилинди.

Унда соҳада эришилган натижалар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликлар танқидий таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди. Қишлоқ ва сув хўжалигини янада ривожлантириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ҳамда замонавий ёндашувларни кенг жорий қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, жорий йилда деҳқон ва фермерлар, ирригатор ва мелиораторлар, чорвадорларнинг самарали меҳнати натижасида вилоятда салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, 750 минг тонна ғалла, 320 минг тонна пахта, 1 минг тонна пилла, 110 минг тонна мева ва резаворлар, 515 минг тонна сабзавот, 330 минг тонна полиз маҳсулотлари, 115 минг тонна картошка ҳамда 60 минг тонна мойли экинлар етиштирилди.

Шунингдек, 255 минг тонна гўшт, 730 минг тонна сут, 400 миллион дона тухум ва 16 минг тонна балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткичлар қишлоқ хўжалиги тармоқларида барқарор ўсиш таъминланаётганидан далолат беради.

Йиғилишда 2026 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди. Келгуси йилда 6349 гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш орқали қўшимча 63,4 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва 8 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, 80,4 минг гектар суғориладиган майдонга бошоқли дон экинлари экилган бўлиб, экиш ишлари тўлиқ якунланган ва биринчи суғориш ишлари амалга оширилган. 2026 йилда 67,6 минг гектар майдонга чигит экиш режалаштирилмоқда. Унинг 36 минг гектарига хорижий навлар, 24 минг гектарига эса Хитойнинг Шинжон технологияси асосида плёнка остида экиш амалиёти жорий этилиши белгиланганини ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз.

Боғдорчилик ва токчилик йўналишида ҳам кенг кўламли ишлар кўзда тутилган. Хусусан, келгуси йилда 2,3 минг гектар майдонда саноатлашган мевали боғ ва токзорлар барпо этилиб, 3,5 минг гектар мавжуд боғ ва токзорларга ишлов берилади.

Қишлоқ хўжалиги техника паркини янгилаш мақсадида қиймати 505 миллиард сўмлик 1055 дона замонавий техника харид қилиниши режалаштирилган. Улар орасида юқори унумли дон ўриш комбайнлари ва пахта териш машиналари ҳам мавжуд.

Чорвачилик соҳасини ривожлантириш доирасида Франция тажрибаси асосида ҳар бир қишлоқ хўжалиги туманида гўшт ва сут йўналишидаги кичик чорвачилик хўжаликлари ташкил этилади. Шунингдек, Монголия ва Россиядан 70 минг бош наслли қўй ва эчки олиб келиш режалаштирилган.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йилда қўшимча 25,4 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, бундай майдонлар умумий ҳисобда 230 минг гектарга етказилади. Натижада 2026 йилда 558 миллион куб метр, 2027 йилда эса камида 589 миллион куб метр сув тежалиши кутилмоқда.

Йиғилиш якунида белгиланган чора-тадбирлар қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларини янада ривожлантириш, аҳоли бандлиги ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА