Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги: янги мақсадлардан умидлар катта
14:05 / 2025-12-25

Президент топшириғи амалда 

Якунланаётган йил Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигида кенг кўламли ислоҳот ва юқори натижаларга бой бўлди. Айниқса, сабзавотчилик, боғдорчилик ва полизчиликда барқарор ўсиш кузатилди. 

Бўстонлиқ, Қибрай, Тошкент, Қуйи Чирчиқ, Паркент, Оҳангарон туманларида 65 гектар голубика, 125 гектар малина, 650 гектар қулупнай етиштириш йўлга қўйилди. Ушбу экинлардан олинган даромад гектарига ўртача 30 мингдан 90 минг долларгача етди. Шу билан бирга, 8 минг 545 гектар дала четларида қўшимча 412 миллиард сўмлик 55 минг тонна маҳсулот етиштирилди. Ариқ-зовурларда 148 та тадбиркор томонидан 500 минг бош ўрдак боқиш йўлга қўйилди. 

Хусусан, Пискент туманидаги “Ўзбекистон” ҳудудида минглаб мевали кўчатлар экиб, боғ яратаётган соҳибкор боғбонлар кўплаб топилади. Боғдорчиликда катта тажриба тўплаган “Усмонов Ноёбжон” боғдорчилик хўжалиги раҳбари Асқар Усмонов ҳудудда яшил макон майдонининг кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда. 

– Ерларимиз тошлоқ ва лалми жойлар. Шунга қарамай тупроқни минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантирамиз. Айни пайтда 14 гектарда мевали дарахтлар парваришланмоқда. Жорий йилда эл дастурхонига 20 тонна олма, 30 тонна беҳи ва 40 тонна олхўри мевалари етказиб бердик. Лекин боғдорчиликнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор. Айниқса, бу йил баҳорда ёмғир кам бўлгани сабабли сув танқислиги сезилди. Шунга қарамай тегишли чоралар қилишга алоҳида эътибор қаратдик. Натижа ҳам шунга яраша. Кейинги йил эрта баҳорда яна 3 минг туп беҳи ва 2 минг туп олхўри кўчатлари экиб, боғ майдонини кенгайтириш режамиз бор, – дейди соҳибкор Асқар Усмонов. 

Маълумки, яқинда давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан учрашиб, келгусида амалга ошириш лозим бўлган муҳим ташаббуслар ҳақида ҳам айтиб ўтди. Ана шуларни чуқур ҳис қилган ҳолда, 2026 йил Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ишлаб чиқариш ҳажмини кескин кўпайтириш, янги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш долзарб вазифа этиб белгиланди. 

Хусусан, келгуси йилда аграр соҳада ялпи маҳсулот ҳажмини 7,2 миллион тоннага ёки 28 триллион сўмга етказиш мақсад қилинган. Жойларда жами 14,8 минг гектар ер ўзлаштирилади. Жумладан, Бўстонлиқ туманида 3 минг гектар тоғолди ҳудуди ўзлаштирилиши ҳисобига резавор экинларни кўпайтириш йўлга қўйилади. Ҳудуд бўйича голубика плантациялари 300 гектарга, малиназорлар эса 440 гектарга етади. Бу йил аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ўрдакчилик хўжаликлари оммалаштирилди. 

Президентимизнинг 2024 йил 27 июндаги “Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кооперация тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам бу жараёнда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу асосида 156 километр узунликдаги зовурлар тадбиркор ва фуқароларга бўлиб берилади ва уларда 800 минг бош ўрдак боқиш йўлга қўйилади. 

Ўз навбатида 2026 йилда 5 миллион доллар сармоя эвазига ўрдак гўштини қайта ишлаш корхонаси ишга туширилади. Бу орқали йилига 5 минг тонна ўрдак гўшти қайта ишланади. Чорвачиликда қиймати 1 триллион 187 миллиард сўмлик 80 дан ортиқ лойиҳалар ишга туширилади. Паррандачиликда жами 2,5 миллион бошга мўлжалланган қиймати 1 триллион 32 миллиард сўмлик 13 та лойиҳа амалиётга татбиқ этилади. 

Пиллачиликда Хитой ва Вьетнам тажрибаларини оммалаштириш, замонавий пиллахоналарда марказлашган усулда пилла боқиш амалиёти жорий этилади. Яна бир янгилик, қишлоқ хўжалигининг барча соҳасида илғор технологияларни жорий этиш мақсадида 2026 йилда 300 дан зиёд фермер ва соҳа мутахассислари хорижга тажриба орттириш учун юборилади. 

Президентимиз илгари сурган ташаббусларига кўра, келгусида 5,6 минг гектарда “устоз-шогирд” тизими асосида пахта етиштириш тажрибадан ўтказилади. Бунда устозлик қилиш ташаббусини билдирган 71 та малакали фермерга ҳосилдорлиги 30 центнердан паст бўлган 20 тагача фермер хўжаликлари бириктирилади. 

Бу саъй-ҳаракатлар ҳисобига ҳар гектар майдонда камида 6 минг доллардан даромад олиш ҳамда соҳада жами 210 минг нафар доимий ва мавсумий иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА.