Навоий шаҳридаги “Империал” тантаналар уйида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Унда вилоят ҳокими Нормат Турсунов сўзга чиқиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида эришилаётган ютуқлар, яратилган шароит-шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги тизимида кўп йиллар давомида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган, соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонларнинг меҳнати давлатимиз томонидан юксак қадрланмоқда. Жумладан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан Навоий вилоятидан 6 нафар соҳа вакиллари орден ва медаллар билан тақдирланди.
[gallery-26758]
Вилоятда илмий асосланган инновацион ёндашувлар, замонавий агротехнологиялар, уруғчиликка бўлган юксак эътибор натижасида пахта етиштиришда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Жорий йилда 24,7 минг гектар пахта майдонларининг 5,5 минг гектарида илк бор Хитой ва Туркия навли чигитлар олиб келиниб, “Шинжон тажрибаси” усули асосида 76х10 ўлчамда қўшқатор қилиб экилди. Бу тажриба ўзининг самарадорлигини тўлиқ исботлади. Ҳосилдорлик ўртача 44,5 центнерни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 12,9 центнерга ошди.
Вилоятда 290 минг тоннадан ортиқ ғалла хирмони яратилиб, ўртача ҳосилдорлик 85 центнерга етказилди. Шунингдек, 372,5 минг тонна сабзавот, 95,7 минг тонна картошка, 114,3 минг тонна полиз экинлари, 114,7 минг тонна мева, 93,9 минг тонна узум етиштирилди.
Вилоятда чорвачиликни ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Президентимизнинг Мўғулистонга олий даражадаги ташрифидан сўнг илк бор 21 нафар тадбиркор томонидан 22 минг бош “Баят” зотли қўйлар олиб келинди. Йил якунига қадар улар сонини 30 минг бошга етказиш режалаштирилган.
Жорий йил якуни билан вилоятимизда 205,7 минг тонна гўшт, 597,6 минг тонна сут, 474,2 млн дона тухум ва 10 минг тонна балиқ етиштирилади.
Тадбирда соҳанинг бир гуруҳ фидойиларига кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари