Юртимизда ҳар йили “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” кенг нишонланиб келади. Боёвут туманида ҳам бу йилги байрам кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
“Ором” тантаналар мажмуасида ташкил этилган тадбирда ризқ-рўзимизни етиштирувчи деҳқонлар, фермерлар, қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари иштирок этишди.

Мазкур байрам тантанасида туман ҳокими Дилфуза Ўролова, қишлоқ хўжалиги соҳасига алоқадор вилоят бошқармалари масъуллари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси илғор вакиллари иштирок этдилар.
Туман ҳокими соҳа ходимларини байрам билан муборакбод этди, шунингдек, жорий йилда эришилган ютуқлар ва олдинда турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталаркан, жумладан шундай деди:

– Ризқ-рўзимизнинг мўл-кўллиги, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, бозорларимиз тўкинлиги ва дастурхонимиз файзу-баракаси деҳқон ва фермерларимиз фидокорона меҳнати туфайли таъминланади.
Бу йил туманда дастлаб 127 тонна пилла, 36,5 минг тоннадан зиёд ғалла ҳамда 47,7 минг тоннадан ортиқ пахта етиштирилди. Барча кўзланган режалар ортиғи билан уддаланди.

Тантанали байрамда қишлоқ хўжалиги ривожига ҳисса қўшган фидойиларга “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” ва “Илғор фермер” кўкрак нишонлари топширилди. Шунингдек, мавсум давомида юқори ҳосилдорликка эришган илғор фермерлар ва отряд раҳбарлари туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Байрам тантанаси хушовоз хонандаларнинг дилтортар тароналари билан давом этди.
Ғулом Примов, ЎзА