Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан бухоролик бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳам фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.
Байрам арафасида ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Ботир Зарипов мукофотланганларни юксак эътироф билан самимий қутлади.

Таъкидланганидек, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз аграр тармоғи янги босқичда ривожланиб, аҳолининг тинч, тўкин ва фаровон турмуши таъминланмоқда. Бу жараёнда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Бухорода ҳам сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни жорий этиш, хўжалик ва корхоналарнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалигида якунланаётган йилда 48 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди ва бу ўтган йилга нисбатан 7 триллион сўм ёки 104 фоизга ўсди.

Айниқса, пахтачиликда илм, фан, янги технологияларга асосланиб иш кўрилганлиги туфайли миришкор бухороликлар неча йиллардан буён орзу қилиб келган 400 минг тонналик хирмон яратди. Ўртача ҳосилдорлик 47,3 центнерга кўтарилди. Пахтачиликдан кўриладиган даромад 3,2 триллион сўмга етиб, деҳқон ва фермерлар қарийб 1 триллион сўм соф фойда олди, рентабеллик даражаси 34 фоизни ташкил этди.

Бу йил 3 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари томонидан 65 минг гектар майдонда тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган ғалла навлари экилиб, 520 минг тонна ҳосил олинди ва ҳосилдорлик ўртача 80 центнерни ташкил қилди. Етиштирилган ғалла ҳосилидан 1 триллион 410 миллиард сўмлик даромад, шундан, 620 миллиард сўм соф фойда олинди.

Кейинги йилларда вилоятда боғдорчилик ва узумчилик соҳасида ҳам катта ўзгаришлар кузатилди. Вилоятда боғ майдонлари қарийб 12,5 минг ва узумзорлар эса 10 минг 351 гектарни ташкил этади. 2025 йилда 2,5 минг гектар янги саноатлашган боғ ва 2,5 минг гектар саноатлашган узумзорлар барпо қилинди. Боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланадиган хўжаликларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 8 та субъектга 1 миллиард 250 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бундай эътибор ва рағбат учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорлигини изҳор этиб, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида янада ғайрат ва шижоат билан меҳнат қилишни билдирди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.