Республика миқёсида ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Долзарб 40 кунлик” муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизим ташкилотлари томонидан дарахт кўчатларини экиш ишлари олиб борилмоқда.
1-20 ноябрь кунлари давомида вазирлик тизимидаги 30 дан ортиқ тизим ташкилотлари, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари, ҳудудий ва туман бўлинмалари томонидан 250 мингдан ортиқ кўчатларни экиш белгиланган.
Бугунги кунга қадар (11 ноябрь ҳолатига кўра), 26 мингдан ортиқ (8,8 минг дона манзарали ва 17,2 минг дона мевали дарахтлар) кўчатлар экилди.
Хусусан, бугун 11-ноябр куни вазирлик тизимидаги “Ўздаверлойиҳа” ДИЛИ Тошкент вилояти бўлинмаси Бекобод тумани “Ўқув-тажриба” хўжалигида 10 та павловния ва 50 та терак, Самарқанд вилояти бўлинмаси Пайариқ тумани Баҳор маҳалласида 240 та тут кўчати, Сирдарё вилояти бўлинмаси Ховос тумани Пахтакор массивида 30 та терак, Бухоро вилояти бўлинмаси Пешку тумани Й.Эргашев массивида 15 та мевали ва 35 та арча кўчатлари, шунингдек, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти томонидан 1054 та кўчат ўтқазилди. Наманган вилояти Aгрохизматлар маркази мутахассислари ҳам Янги Наманган шаҳарчасида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон боғи”да дарахт экиш жараёнида қатнашишди.
Мамлакатимиздаги фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жорий йил куз ойларида 6 минг гектар мевали боғ ва 28 минг гектар токзорлар барпо этилиб, бунинг учун 4,4 миллион дона мевали кўчатлар ва 31,5 миллион дона ток кўчатлари экилиши кутилмоқда.
Жумладан, Фарғона вилояти Қува туманида 4,5 миллион дона ҳамда Тошкент вилояти Паркент туманида 1,5 миллион дона йиллик қувватига эга “in-vitro” лабораторияси ташкил этилади. Ҳудудларда йўл ва дала четларига экилган кўчатларнинг кузги-қишки агротехник ишлари амалга оширилади.
Таъкидлаш керак, белгиланган майдонларга мевали, манзарали ва узум кўчатларини ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим, сув таъминотидан келиб чиқиб экиш ва агротехника тадбирларини ўтказиш бўйича семинарлар ташкил этилиб, тавсиялар ва таклифлар берилмоқда.
Шунингдек, ноёб, йўқолиб бораётган маҳаллий мева ва узум навлари кўчатларини етиштириш мақсадида академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик ИТИнинг Қарши туманидаги станциясида 5 гектар майдонда йилига 500 минг дона сертификатланган кўчат етиштириш бўйича “Экокўчатхона” ташкил этилди. Институтдаги “in-vitro” лабораторияси ва унинг тажриба хўжаликларида мевали, манзарали ва узум кўчатларини кўпайтириш йўлга қўйилди.
2023 йилда эса фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 36 минг гектар мевали боғлар барпо этилиб, бунинг учун 22 миллион дона мевали кўчатлар етказиб берилиши белгилаб қўйилган.
Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, янги интенсив боғлар яратиш ва жойларни кўкаламзорлаштириш мақсадида республикадаги мавжуд 10 та “in-vitro” лабораторияси ва 102 та кўчатчилик хўжаликларида 40 миллион дона вируссиз сертификатланган кўчатлар етиштирилмоқда.
Бундан ташқари, республика бўйича 12,2 минг гектар дала четига 49 миллион дона тут ва 7,1 миллион дона ток кўчатларини экиш юзасидан ҳар бир туман ва фермер хўжаликлари кесимида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жорий йилнинг 11 ноябрь ҳолатига кўра, 2,5 минг гектарга (режага нисбатан 17,5%) дала четларига 8,2 миллион дона тут ва ток кўчатлари экилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган мевали, манзарали ва бута кўчатларини парваришлаш бўйича ҳудудларга малакали олим ва мутахассислар бириктирилган ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш бўйича тавсиялар бериб борилмоқда.
ЎзА