Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги вазирининг экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш бўйича ахбороти эшитилди
14:24 / 2026-01-06

Қонунчилик палатаси мажлисида қишлоқ хўжалиги вазири И.Абдураҳмоновнинг “Мамлакатимизда экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва мақсадли экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига берилган жавобини кўриб чиқди.

Ахборотда келтирилишича, мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2025 йилда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида халқаро стандартлар талабларини жорий этиб, сертификатланган корхоналар сонини 2 минг 32 тага етказиш белгиланган бўлиб, бу кўрсаткич 2 минг 45 тага етказилди ва  режа 101 фоизга бажарилди. Бугунги кунда республикада органик сертификат берадиган 12 та мувофиқликни баҳолаш органлари фаолият юритмоқда.

Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 10 минг гектарда органик маҳсулот етиштириш бўйича вазифа белгиланган бўлиб, амалда 36 та субъектлар томонидан жами 10,3 минг гектарда органик маҳсулот етиштирилди. Ушбу майдонлардан жами 26,5 минг тонна ҳосил олинган бўлса, республикада GlobalG.A.P. халқаро тан олинган стандарти талаблари асосида 955 гектар майдонда 14 минг тонна мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилди.

Парламент сўровига келган жавобда қайд этилганидек, халқаро стандартларни жорий этган 48 та қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат корхоналарига давлат томонидан 2025 йилда 3,8 миллиард сўм молиявий ёрдам ажратилган.

Бугунги кунда республикада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасида амалда 4 минг 233 та стандартлар мавжуд бўлиб, шундан 1 минг 957 таси халқаро стандартлар билан уйғунлаштирилди. Амалдаги стандартларни ЖСТ талабларига мослаштириш бўйича эса 410 та стандарт кўриб чиқилди.

2025-2026 йилларда ҳудудларда озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича 10,4 триллион сўмлик 673 та лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларни амалга ошириш бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилди.

2025 йилда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида жами 3,9 млн. гектарга экин экилган бўлса, 898 минг гектарга такрорий экинлар экилиб, 12,8 млн. тонна, шундан 5,1 млн. тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди.

Экспорт географияси эса 95 та давлатни қамраб олиб, Россия, Афғонистон, Қозоғистон, Покистон ва Хитой асосий савдо ҳамкорлари сифатида етакчи ўринларни эгаллади. Япония, АҚШ, Корея Республикаси ва Европа давлатлари бозорларига чиқиш бўйича ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Мажлисда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ишлар юзасидан доимий парламент назорати олиб борилиши қайд этилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирининг жавоби маълумот учун қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА