Мамлакатимизда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш, экспорт қилишда ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳадаги ишлар натижасида шу йилнинг январь-ноябрь ойларида қиймати 2,9 миллиард долларга яқин мева-сабзавот ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти амалга оширилган. Экспорт географияси ҳам кенгайиб, умумий ҳисобда 95 та давлатни ташкил этган.
Шунингдек, олиб борилган тизимли чора-тадбирлар туфайли 2 минг 549 та экспортёр корхона томонидан 95 та давлатга мева-сабзавот ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари экспорти амалга оширилишига эришилган. Бундан ташқари, доимий ҳамкорликни таъминлаш мақсадида 20 турдаги маҳсулот экспорти бўйича 73 та корхонанинг Хитойнинг махсус реестрига киритилиши таъминланган.

Жорий йилнинг якунига қадар жами қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган маҳсулотлар экспорти амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бу борада маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар билан мунтазам алоқаларни таъминлаш ва экспортга кўмаклашишга қаратилган зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳудудларда ўтказган назорат-таҳлил тадбирлари давомида соҳада эришилган ютуқлар билан бирга, ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар борлиги ҳам аниқланди. Хусусан, янги турдаги иқлимга чидамли, тезпишар, кам сув талаб қиладиган, юқори даражада ҳосилдор бўлган навларни танлаб олиш, мазкур маҳсулотлар етиштирилишининг маҳаллий маҳсулот етиштирувчилар ва мева-сабзавотчилик корхоналари томонидан ўзлаштирилишини таъминлаш ҳамда уларни экспортга йўналтириш зарурати юзага келмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида шулардан келиб чиқиб, Қишлоқ хўжалиги вазирига “Қишлоқ хўжалигида экспортбоп мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва мақсадли экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА