English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги вазири томонидан “Gulfood” халқаро озиқ-овқат кўргазмасида қандай таклифлар илгари сурилди?
17:58 / 2024-02-21

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов жорий йилнинг 19 – 22 феврал кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтаётган “Gulfood” халқаро озиқ-овқат кўргазмаси доирасида ташкил этилган “Технологик инновациялар ва ҳамкорлик орқали озиқ-овқат хавфсизлигини ривожлантириш” саммитида иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги салоҳияти, мавжуд имкониятлар, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган билим ва инновациялар юзасидан маълумотлар тақдим этилди. 

Иброҳим Абдураҳмонов ўз маърузасида қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши муаммоларини муваффақиятли ҳал қилиш учун замонавий биотехнологияларни жорий этиш ва геномикага оид янги йўналишларни ривожлантириш, геномика селекциялаш ва маркер асосидаги селекция технологиялари ҳамда синтетик биологияни кенг ривожлантириш, зараркунандалар, касалликлар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ оғир экологик шароитларга чидамли экин навларини яратиш, ерлар деградациясига қарши кураш, иқлим ўзгаришига мослашиш, тупроқ унумдорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. 

Ўзбекистон республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири томонидан соҳа ривожи имкониятларига оид бир қатор таклифлар илгари сурилди. 

Хусусан, вазир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг импортига қўлланиладиган тарифларни мақбуллаштириш, коррупцион омилларга қарши курашиш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, миллий диета ва нутриция бўйича маълумотларни аҳолига етказиш ҳамда трансчегаравий дарёларни қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликда бошқариш масалаларига тўхталиб ўтди. 

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуотининг маълум қилишича, Ўзбекистонда аграр соҳани ривожлантириш, ислоҳотларни чуқурлаштириш, рақобатбардош, бозор ва экспортга йўналтирилган сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни ошириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, қўшилган қиймат занжирини яратиш, соҳага илм-фан ва инновацияларни жорий этиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Шу билан бирга, ташкилотчилар ва иштирокчилар томонидан шу каби тадбирларда Ўзбекистоннинг чиқишларини кўпайтириш ҳамда араб дунёсини мамлакатимиз салоҳияти билан яқиндан таништириш таклифи билдирилди. 

Шунингдек, Иброҳим Абдураҳмонов ва “Abu Dhabi Food Hub” компанияси директори Суреш Ваидҳянатан ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда ихтисослашган озиқ-овқат марказини ташкил этиш юзасидан ўзаро англашув меморандуми имзоланишга келишилди. 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА