Бир гектар майдонда брокколи карами такрорий экин сифатида экилганда 25 миллион сўм фойда олиш мумкин.
Андижонда “Ноанъанавий экин турларини экиш орқали манфаатдорлик ва иқтисодий юксалишга эришиш” мавзусида ўтказилган амалий семинарда бу алоҳида эътироф этилди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги бошқармаси, Қишлоқ хўжалигига хизматлар кўрсатиш агентлиги вилоят бўлими ҳамкорлигида Хўжаобод туманидаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Навигул” қўшма корхонасининг брокколи карами етиштирилаётган даласида ташкил этилган амалий семинарда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Азизбек Воитов, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Авазбек Яқубов, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари, олимлар, вилоятдаги боғдорчилик, узумчилик, мева ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Семинарда мамлакатимизда, хусусан, Андижонда сабзавотчиликни ривожлантириш, соҳага янги технологияларни жорий этиш, ноанъанавий экинлар экиш, томорқадан унумли фойдаланишни ташкил этиш ва юқори иқтисодий самара олиш, сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорт ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
– Бугун юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Азизбек Воитов. – Шу боис ҳам мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланиш, илғор технологияларни жорий этиш орқали ҳосилдорликни ва иқтисодий самарадорликни оширишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Тадбирда мутахассислар, олимлар томонидан такрорий ва ноанъанавий экинлар экиш, сабзавот экинларининг сара уруғларини танлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, томчилаб суғориш технологиясидан фойдаланиш, сифатли ва юқори ҳосил олиш, иқтисодий самарадорликка эришиш масалалари юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Семинар доирасида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази Андижон вилояти Агрохизматлар маркази, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти, Сабзавот ва полиз экинлари, картошкачилик илмий-тадқиқот институти Андижон илмий-тажриба станцияси томонидан деҳқон ва фермер хўжаликларига етиштириб берилаётган уруғлар, минерал ўғитлар кўргазмалари ташкил этилди, такрорий экинлар етиштириш агротехникаси бўйича тавсиянома ва қўлланмалар тақдим этилди.
– Тажриба станциямиз деҳқон ва фермер хўжаликларига барча турдаги полиз ва сабзавот экинларининг вилоят иқлимига мос, ҳосилдор навлари уруғларини етказиб бермоқда, – дейди Сабзавот ва полиз экинлари, картошкачилик илмий-тадқиқот институти Андижон илмий-тажриба станцияси директори Шермуҳаммад Аминов. – Биз билан ҳамкорликда иш олиб бораётган аксарият фермер хўжаликлари ўзлари етиштираётган экинлардан юқори ҳосил олмоқда, иқтисодий самарадорликка эришмоқда.
Шунингдек, амалий семинар иштирокчилари “Навигул” қўшма корхонаси далаларида брокколи карами етиштириш борасида олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан яқиндан танишди.
– Жорий йилда 120 гектар майдонда такрорий экин сифатида брокколи карами ва гул карам етиштирилмоқда, – дейди масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Навигул” қўшма корхонаси раҳбари ўринбосари Эркинжон Яқубов. – Шундан 102 гектари брокколи карами, 18 гектари гул карамдир. Етиштирилаётган маҳсулот махсус тарзда қадоқланиб, тўла хорижга экспорт қилинмоқда. Ноанъанавий экин бўлган ушбу маҳсулотларни етиштириш ва экспорт қилиш орқали корхонамиз яхшигина даромад олмоқда.
[gallery-13945]
Мутахассисларнинг таъкидлашича, брокколи карами такрорий экин сифатида экилганда октябрь-ноябрь ойларида пишади. Бир гектар майдонда ушбу маҳсулотни етиштириш учун 18-20 миллион сўм харажат қилинади. Гектаридан 150 центнер ёки 15 тонна ҳосил олинади. Агар бозорда унинг килоси 3 минг сўмдан сотилса, гектаридан 45 минг сўм даромад, 25 миллион сўм соф фойда олиш мумкин бўлар экан.
Мутахассислар томонидан вегетация даври 90-100 кун ташкил этадиган брокколи карами кўчатларини тайёрлаш, экиш, ўғитлаш, суғориш, умуман, ушбу экиннинг агротехник тадбирлари хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
Амалий семинарда ноанъанавий экин турларини экиш орқали манфаатдорлик ва иқтисодий юксалишга эришиш, умуман, мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Семинар давомида қишлоқ хўжалиги вазири А. Воитов турли муаммо ва масалалар юзасидан фермер хўжаликлари раҳбарларининг мурожаатларини эшитди, уларнинг ечими бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Мазкур амалий семинар деҳқон ва фермерларга такрорий ва ноанъанавий экинлар экиш, иқтисодий самарадорликка эришиш борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш, билим ва малакаларини ошириш имконини берди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/1cadP4xjlhs" title="Азизбек Воитов: “Мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланиш энг муҳим вазифа”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА