Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги техникалари мавсумга тайёрланмоқда
15:02 / 2021-01-06

Навоий вилоятида баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини техник соз ҳолатга келтириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Жумладан, вилоятнинг Кармана, Хатирчи, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида баҳорги дала ишларига тайёргарлик кўриш ва мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ишларига бағишланган кўргазмали ўқув семинарлари ташкил этилмоқда.

“Кармана агросервис МТП” масъулияти чекланган жамиятида ўтказилган семинарда туман ҳокимлиги, вилоят ҳамда туман ИИБ масъуллари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ва Кармана туман бўлими инспекторлари, фермерлар, шунингдек, соҳага оид бошқа корхона ва ташкилот вакиллари иштирок этди.

Кўргазмали семинарда дастлаб мутахассислар томонидан шай ҳолатга келтирилган чопиқ тракторлари, культиваторлар, чигит экиш сеялкалари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникаларининг қай даражада сифатли таъмирдан чиқарилганлиги кўздан кечирилди. Бунда эски эҳтиёт қисмларининг янгисига алмаштирилганлиги, носоз ҳолатга келган деталлардаги камчиликлар бартараф этилгани, техникаларнинг юз қисмида бўёқлаш ишларининг амалга оширилгани кабиларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, ўқув семинарида қишлоқ хўжалиги техникаларининг сифатли таъмири қандай бўлиши ва уни қабул қилиб олишда эътибор қаратиладиган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Мисол учун сифатли таъмирланган тракторлар детал ва узелларнинг созлик даражасига кўра қабул қилиб олинади. Яъни, ёнилғи, мой ва бошқа суюқликлар томчиламайдиган, детал, узел ва агрегатлар пухта маҳкамланган, ўлчов, ёритиш ва электрон асбоблар яроқли, капот, ойна ва кабина эшиклари шикастланмаган, мажбурий жойлар ёғланган бўлиши лозим.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, аксарият ҳолларда тишли бороналарда тишлар маҳкамланадиган планкалар ва борона секцияларини бир-бири билан улайдиган илгакларнинг эгилиши ва буралиши, тишларнинг ўтмасланиши, ейилиши ва эгилиши каби нуқсонлар учрайди. Таъмирланган тишлар бир хил узунликда бўлиши ҳамда ўткир учининг қалинлиги 2 мм. дан ошмаслиги лозим. Янги тишнинг узунлиги 16 сантиметр бўлади. Борона планкалари ва тишларининг эгиклиги 3 мм. дан ошмаслиги зарур. Тишлар планкага гайка ва шайбалар ёрдамида маҳкамланган бўлиши ҳамда улардаги резьбаларнинг 2–4 ўрами гайка юзасидан ташқарига чиқиб туриши керак. Шунингдек, тишлар планкаларга қирраси ва ўткир томони билан ҳаракат йўналишига қараб турадиган қилиб ўрнатилиши даркор.

Шунга кўра, вилоятда ҳар бир қишлоқ хўжалиги техникаси таъмир шартларини тўлиқ бажарганлиги бўйича қабул қилиб олинмоқда. Зарур ҳолларда, таъмирга оид керакли тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, Кармана туманида баҳорги юмушларга 800 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникалари жалб этилиши кўзда тутилган. Бугунги кунга қадар ҳудудда ғалла ўриш комбайнларидан ташқари барча техникалар мавсумга тахт ҳолатга келтирилди.

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА