Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги тармоқларида хизмат кўрсатиш кенгаяди
15:32 / 2025-02-18

Ҳозирда, Тошкент вилоятининг 11 та туманида қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатишда уруғ ва кўчат, ўғит етказиб бериш, агрохимия, сув тежовчи технологияларга хизмат кўрсатиш ва мини техника билан таъминлаш бўйича алоҳида “Агрохизматлар маркази” ташкил этилган.

Хусусан, Қибрай туманидаги “AGRO LIGHT BUSINESS” корхонаси томонидан “Гулчилик кластери” ташкил этилган. Унда Анқара университети профессори ва Гул етиштирувчилар уюшмаси эксперти доктор Сонер Казаз назорати остида турли хил экспортбоп кесма гуллар маҳаллий иқлимга мослаштирилган ҳолда етиштирилмоқда. 

Жумладан, атиргул, гербера, лола, архидея, лилия, гортензия, эустома, питон, матиола, аспидистра, рускус ва шу каби гул турларига доим харидор мавжуд. Туманда иссиқхона хўжалиги яхши ривожланган. Охирги йилларда бу ҳудудда етиштирилган сабзавот маҳсулотлари нафақат ички бозорга, балки хорижга ҳам экспорт қилинмоқда. Шунингдек, Янгийўл туманининг Ниёзбоши қишлоғи ҳам маҳсулотларни экспорт қилишга ихтисослашмоқда. 

Ўтган йили умумий ҳисобда 1 минг 214 гектар асосий ва 1 минг 854 гектар такрорий майдонда кўкат етиштирилган бўлса, жорий йилда ҳам режалар жуда катта. Ҳозиргача 43 та қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 321 гектар майдонда экинлар экилган. Шунингдек, 25 та корхона томонидан умумий қиймати 8,6 миллион долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари хорижий давлатларга экспорт қилинган. 

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалиги ерларини аҳоли даромад манбаига айлантириш мақсадида ижарага бериш тизими йўлга қўйилган эди. Бу эса ёшларни иш билан таъминлаш, деҳқончиликни ривожлантириш ва ҳудудларда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Хусусан, Зангиота туман ҳудудида ҳам “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ер майдонларидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган илғор тизим бунинг исботидир. Тажрибали деҳқон Фазлиддин Норов бу саъй-ҳаракатларда барчага ўрнак. У 41 нафар фуқарони бириктириб, уларга “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида бир хил маҳсулот етиштиришни ташкил қилиб берди. 

Зангиота тумани ҳокими Эркин Рустамов бошчилигида сектор раҳбарлари, маҳалла еттилиги аъзолари ва соҳага масъул мутасаддилар бу тажрибани янада оммалаштириш чораларини кўрмоқда. Бу эса деҳқончиликни ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади. 

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 7 февраль куни ўтказилган ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар асосида энди Тошкент вилояти маҳаллаларида ҳам аҳолига қишлоқ хўжалиги тармоқларида хизматлар кўрсатишни кенгайтириш мақсад қилинмоқда. 

А.Мусаев, ЎзА