Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги тадбиркорлигини ривожлантириш: Фермерларни рағбатлантириш кафолатлари
16:23 / 2022-08-29

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири бўлиб, мамлакат ЯИМнинг 27 фоизидан кўпроғини, бандликнинг деярли 26 фоизини таъминлайди. Шу сабабли, мамлакатимиз ҳукумати ички бозор ва жаҳон бозорлари эҳтиёжлари асосида ривожланиб борадиган анъанавий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидан замонавий ва самарали агробизнесга ўтишни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг инновацион ривожланиши ва янги технологияларнинг кенг жорий этилишига катта эътибор берилмоқда.

2022 йил бошида мамлакатда 107 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритган бўлса, бу 2017 йилга нисбатан 40 фоиздан кўпроқни ташкил этган. 

Фермер хўжаликлари мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. 2021 йилда улар ялпи дон ҳосилининг 81,1 фоизини, картошканинг 23,2 фоизини, сабзавотнинг 36,5 фоизини, меваларнинг 42,2 фоизини, узумнинг 43,3 фоизини, полиз экинларининг 51,1 фоизини етиштирди. Сўнгги 5 йил ичида фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқариш 10 фоизга ошди. 

Кейинги 5 йилдан ортиқ давр мобайнида фермерлик фаолиятини хуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, уларнинг бозорга ишлаши учун соғлом рақобат муҳитини яратиш, иқтисодий фаолият эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш борасида қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларни янада ривожлантириш, шунингдек, унинг даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир кучли ижтимоий-сиёсий кучга айлантириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада қишлоқ жойларда аҳолининг турмуш сифати ва даражаси ортиб боришига эришилди. 

2018 йилда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чоралари кўрилди. Жамғарманинг асосий мақсади фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, фермер хўжаликларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари янги турларини етиштиришни рағбатлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига янги самарали технологияларни жорий этишга кўмаклашишдан иборат.

Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби тизимини тубдан такомиллаштириш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни яхшилаш мақсадида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари қошида хўжаликларда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи марказлари ташкил этилган. 

Шунингдек, 2017 йилдан бошлаб фермер хўжаликларини кўптармоқли фермер хўжаликларига айлантириш жараёни фаол олиб борилмоқда. Кўп тармоқли хўжалик деганда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият билан шуғулланадиган хўжалик тушунилади. Кўптармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш қишлоқ жойларда барқарор ижтимоий-иқтисодий вазиятни таъминлаш, республика бозорларини зарур истеъмол товарлари ва хизматлари билан бойитишнинг асосий омилидир. 

Фермер хўжаликларини ривожлантиришни рағбатлантириш – бу субсидиялар, имтиёзли кредитлар тизимини ишлаб чиқиш ва қишлоқ хўжалигининг айрим кичик тармоқлари учун солиқ имтиёзларини тақдим этиш билан изоҳланади.

Аграр соҳада қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш доирасида ғалла етиштиришни эркинлаштириш бозор механизмини тўлақонли жорий этилишини таъминлаб бермоқда. Бу эса фермерларни янада ривожлантириш учун иқтисодий рағбатнинг кўчайишига олиб келди ва иқтисодий самарадорликни ошириш имконини берди. 

Қишлоқ хўжалигида бозор механизми кенг амал қилишини таъминлашга қаратилган дастлабки қадам ташланди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги “Ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

2020 йилда мамлакатда ўртача дон ҳосилдорлиги гектаридан 57 центнерни, 2021 йилда эса 64 центнерни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 67-70 центнерга етди. Сўнгги 3 йил ичида ҳудудларда 160 миллион тоннага яқин қувватга эга учдан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари ишга туширилди ва соҳада хусусий сектор улушининг ортиб боришини таъминламоқда. Ўтган йили мамлакатда 3,5 миллион тоннага яқин ун ишлаб чиқарилди, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келди. Жорий йилда давлат томонидан 1 тонна буғдойнинг энг кам харид нархи ўтган йилги 1,55 миллион сўмдан 2022 йилги ҳосил учун 3 миллион сўмгача, яъни деярли икки бараварга оширилди. Ўз вақтида қабул қилинган қарордан ғалла кластерлари ва фермер хўжаликлари катта манфаат кўришди. 

Эндиги долзарб вазифамиз – пахта хомашёсини етиштиришда бозор механизмини жорий этиш, пахтачилик соҳасида кластерлар фоалиятини янада такомиллаштириш, пахта хомашёсини сотиб олишда кластерлар ва давлат кафолатларини таъминлайдиган тизимни жорий этиш ҳисобланади. 

Қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлашнинг кучайиб бораётгани, 20 август “Тадбиркорлар куни” этиб белгилангани ва қишлоқ хўжалиги сектори вакилларининг мукофотланиши соҳа вакилларига эътиборнинг кўчайиб боришининг яққол мисолидир.  

Президентимиз тадбиркорлар билан бўлиб ўтган “Очиқ мулоқот”да мамлакатимиз равнақи учун тадбиркорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, ушбу соҳа вакилларини 5 йўналишда қўллаб-қувватлаш бўйича ташаббусларни илгари сурди. 

Биринчи йўналиш – корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилаш.

Бунда корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади.  

Булар: 
– 1 миллиард сўмгача бўлгани – микро бизнес; 
– 10 миллиард сўмгача бўлгани – кичик бизнес; 
– 100 миллиард сўмгача бўлгани ўрта бизнес тоифасига киради. 

Иккинчи ташаббус – тадбиркорларимиз фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратиш. Бу борада кичик бизнес лойиҳаларига 20 триллион сўм йўналтирилади. 

Учинчи йўналиш – кредит бериш масаланинг фақатгина бир томони экани, бизнес юриб кетиши учун етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатли бозор керак. Шу сабабли, энг аввало, туман ва шаҳарларнинг шароитидан келиб чиқиб бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этилади. 

Тўртинчи йўналиш – тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласи. Бундан буён ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш фақат ва фақат суд тартибида амалга оширилади. 
Мулк ҳуқуқига оид қарорларни ҳокимлар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмайди, яъни ҳуқуқ берувчи ҳужжатни фақат суд ҳақиқий эмас, деб топиши мумкин бўлади. 

Шунингдек, тадбиркорларни қийнаётган яна бир амалиёт – тергов жараёнида мол-мулкни хатлаб қўйиш билан боғлиқ. Мисол учун, ўтган 3 йилда терговчилар томонидан аниқланган зарардан икки баробар кўп мол-мулк хатланган (1,5 триллион сўм). 

Энди ҳар бир хатловнинг асосли экани суд томонидан кўриб чиқилади, қарорни фақат суд қабул қилади.  

Бешинчи йўналиш – тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масалалари билан боғлиқ. 

Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади.  

Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланмайди. 

Ушбу йўналишларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонда, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорликни ривожлантиришни жадаллаштириш имконини беради, бу эса ўз навбатида, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга шароит яратади.

 

Рустам ҲАСАНОВ, 
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий  
тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари,  
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор,

Дарья ИЛЬИНА, 
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар  
институти лойиҳа раҳбари 
ЎзА