Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожланиши – ислоҳотлар маҳсулидир
16:05 / 2021-09-16

Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган дастурий тадбирлар доирасида қишлоқ хўжалигини комплекс ривожлантириш, соҳада бозор муносабатларини жорий этиш, қайта ишлаш ва экспорт инфратузилмасини ривожлантириш, давлат томонидан фермер ва деҳқонларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмлари жорий этилди.

Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, 2019 йилда 55 та туман мева-сабзавот етиштиришга тўлиқ ихтисослаштирилди. Туманларни босқичма-босқич 2-3 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш тизими жорий этилиб, 2020 йилда Жиззах вилоятида 44,3 минг гектар майдон мева-сабзавотчиликка чуқур ихтисослаштирилди.

2017-2020 йилларда 69,6 минг гектар интенсив боғ ва 57 минг гектар токзорлар барпо этилди. Иқтисодий самарасиз ва яроқсиз 59,4 минг гектар мевали боғ ҳамда 27,5 минг гектар токзорлар реконструкция қилинди. Жорий йил баҳорда 63,8 минг гектар боғлар ва 37,5 минг гектар токзорлар барпо этилди.

Жорий йилда Хитой билан ҳамкорликда Шоличилик маркази ҳамда Венгрия билан Картошкачилик илмий маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Сўнгги 4 йилда мева-сабазвотларнинг экспорт географияси ва ҳажми ортиб, 92 та мамлакатга 2,4 миллиард долларлик 119 хил турдаги 5,5 миллион тонна маҳсулот экспорт қилинди.

Қишлоқ хўжалигини трансформация қилиш, илмий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш, мева-сабзавотчиликни, кластерлар ва кооперацияларни янада ривожлантириш учун Жаҳон банкидан 500 миллион доллар, JICAдан 200 миллион доллар, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармасидан (IFAD) 46 миллион доллар имтиёзли кредитлар жалб этилди.

Шунингдек, 2017-2021 йилларда 236 миллион долларлик шундан, мева-сабзавотчиликка 66 миллион доллар, чорвачиликка 20 миллион долларлик ҳамда суғориш тизими, ер структураси ҳамда ўсимликлар ҳимоясига 150 миллион доллар грант маблағлари жалб этилди.

Шунингдек, Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Rungis Semmaris (Франция) компаниясини жалб этиб, қуввати 1,6 миллион тонналик 8 та йирик агрологистика марказларини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

2020-2021 йилларда 271 та қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан халқаро тан олинган стандартлар талабларига мувофиқ сертификатлар олинган.

Аҳоли саломатлигини сақлаш, фармацевтика саноати учун хомашё базасини шакллантириш, экспорт ҳажмларини ошириш мақсадида доривор ўсимликларни етиштириш соҳаси ислоҳ қилинди. Яъни, 2020-2021 йилларда 9 та доривор ўсимликлар етиштирувчи кластерлар ташкил этилиб, 1,5 минг гектар майдондан 1,7 минг тонна хомашё етиштирилди ҳамда фармацевтика саноатига йўналтирилди. Шунингдек, аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида республикада 15,7 минг гектар доривор ўсимликлар плантацияларида етиштирилган 17,4 минг тонна доривор ўсимликлар қайта ишланиб ички ва ташқи бозорларга йўналтирилди.

Ипакчиликни ривожлантиришга инновацион ёндашув натижасида мамлакатимизда биринчи марта пилладан йилига 3-4 марта ҳосил олиш тажрибаси йўлга қўйилди. Чорвачилик тармоғини ривожлантириш дастурлари доирасида балиқ, асал етиштириладиган, парранда, эчки, қорамол боқиладиган кўплаб хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу борада Испания, Польша, Нидерландия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Вьетнам каби давлатларининг илғор тажрибасидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, 11 та ипак қурти уруғчилик корхоналари ташкил этилган бўлиб, ушбу корхоналар томонидан 2020 йилда 185,9 минг қути, 2021 йилда 240 минг қути саноатбоп ипак қурти уруғлари ишлаб чиқарилган. Бундан ташқари, 2019-2020 йилларда ипакчилик йўналишида инвестиция дастурига асосан 123 та лойиҳа доирасида 163,4 миллион долларлик маблағлар, шу жумладан, 10,4 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган.

2019-2020 йилларда қоракўл қўйларининг наслини яхшилаш мақсадида Навоий вилояти Конимех туманида, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида ва Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида Қоракўлчилик илмий наслчилик тажриба станциялари фаолияти йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, 2021 йилда қоракўлчилик кластерлар томонидан 66та инвестиция лойиҳаси амалга оширилган.

Соҳада 2019-2020 йилларда экспорт ҳажми жами 150 миллион долларни ташкил қилган бўлса, 2021 йил ярим йиллигида жами 101,7 миллион долларлик ипак ва қоракўл маҳсулотлари экспорт қилинган. 2019-2021 йилларда доимий ва мавсумий иш ўринларини яратиш орқали ҳудудларда жами 2,5 миллионга яқин аҳоли бандлиги таъминланган.

Аграр соҳа ходимларининг бугунги меҳнатлари замирида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш орқали юртимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини оширишдек юксак вазифалар мужассам.

Фурқат ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси котибияти етакчи маслаҳатчиси

ЎзА