Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги соҳасида Туркия билан ҳамкорлик муҳокама қилинди
15:06 / 2022-12-01

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, тармоққа рақамлаштириш жараёнини жорий этиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Соҳада натижадорликни ошириш мақсадида хорижий давлатлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, уларнинг тажрибаларини ўрганиш масалалари доимий эътиборда бўлиб келади.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида вазир Азиз Воитовнинг Туркия Республикаси қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ташкилоти президенти Муҳаммед Адак билан учрашув бўлиб ўтди. Унда аграр соҳадаги ҳамкорлик Ўзбекистон-Туркия учун устувор йўналиш ҳисобланиши ҳамда бу борадаги икки томонлама алоқаларни кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди.  

Учрашувда Туркиянинг қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш бўйича тажрибасини Ўзбекистонда қўллаш мақсадида Қўшма ўқув марказини ташкил этиш таклифи билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон томони Туркиянинг ерни масофадан зондлаш космик аппаратлари ва геоахборот технологиялари ёрдамида экинларни жойлаштириш, тупроқ ҳолатини кузатиш бўйича қўшма лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини қайд этди.  

Уруғчилик соҳасида Туркиянинг «ТУРКТОБ» уруғ етиштирувчилар уюшмаси мутахассислари иштирокида қўшма уруғчилик лойиҳаларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ эканлиги кўрсатиб ўтилди.  

Илм-фан алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида Туркия Республикаси Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги қошидаги Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари ва сиёсати бош бошқармасининг (ТАГEМ) мамлакатимиздаги минтақавий ваколатхонасини очиш режалаштирилаётганлиги маълум қилинди.  

Таъкидлаш жоизки, бу каби ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, амалий натижаларни кўпайтиришга хизмат қилади.  

 

 

М.Комилова, ЎзА