Ўтган йили республикамиз бўйича 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 7,4 миллион тоннага яқин дон, 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёси, 23 минг тонна пилла, 2,6 миллион тонна гўшт, 11 миллион тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 8,3 миллиард дона тухум, 400 минг тонна балиқ етиштирилган.
Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида аграр соҳани янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Хусусан, стратегияни жорий йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурида илм-фан ва инновациялар, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этиш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини 2 баравар ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Тошкент давлат аграр университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Қишлоқ хўжалиги соҳасида сўнгги йилларда қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз борди.
Тадбирда депутатлар қишлоқ хўжалиги йил сайин замонавий тармоққа, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришнинг асосий бўғинига айланиб бораётганини таъкидлади. Ердан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилинишини таъминлаш, меъёрий қиймати ҳамда сифат кўрсаткичларини аниқлаш энг устувор вазифалардан бирига айланганини қайд этдилар.
Ишсиз йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 10 сотихдан 50 сотихгача ер берилаётгани, ерларни аҳолига яқин жойдан ажратиб, уруғ, ўғит ва техника таъминотида кўмаклашилаётгани алоҳида эътиборга молик.
Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган қатор қонунлар қабул қилингани қайд этилди. Биргина 2021 йилда қўмита 10 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлди.
Тадбирда ҳозирги кунда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Қайд этиганидек, мазкур ҳужжат билан барча қонун ҳужжатларидаги ерга оид нормаларнинг ўзаро мувофиқлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ягоналиги таъминланади. Ер участкаларини ажратишда шаффофлик таъминланиб, алоҳида ҳужжатларда белгиланган имтиёз ва истиснолар бекор қилинади.
Тадбирда қуйи палата ва Тошкент давлат аграр университетининг ўзаро ҳамкорликдаги вазифалари юзсидан келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА