Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотлар самараси
17:16 / 2025-12-17

Бугун қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини ривожлантириш, фермер ва деҳқон хўжаликларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни зарур моддий-техника ресурслари билан узлуксиз таъминлаш давлат сиёсатида муҳим ўрин тутади. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида эркин бозор муносабатларини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳада рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, биржа савдоларини такомиллаштириш ва нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берди.

Мазкур фармон ижросини таъминлаш доирасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида Қўмитанинг товар хом-ашё биржаларида нархларни назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Амирбек Ботиров қуйидагиларни гапириб берди:

– Қўмита томонидан биржа савдоларида пахта хомашёси етиштирувчиларни моддий ресурслар билан таъминлаш  мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб минерал ўғитлар ва ёқилғи мойлаш материалларини биржа савдоларига қўйиш жадвалларини ишлаб чиқишда жами савдога қўйиладиган ҳажмнинг камида 30 фоизини 100 кг.лик кичик лотларда (лот маҳсулот миқдори) тасдиқлаш ҳамда доимий савдога чиқарилиши тўғрисида минерал ўғитлар ва ёқилғи мойлаш маҳсулоти сотувчиларига тегишли кўрсатма берилган.

Шунингдек, биржа савдоларининг алоҳида савдо сессиясида нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида савдоларда назорат ўрнатилган бўлиб, нархлар ҳамда талаб ва таклифнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида тегишли инструментлардан фойдаланилмоқда.

Натижада, бугунги кунда дизель ёқилғиси савдоларида 19 мингдан ортиқ, минерал ўғитлар савдоларида эса 25 мингдан зиёд иштирокчи кичик лотларда маҳсулот харид қилиш имкониятига эга бўлди. Бу эса қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун биржа савдоларини янада қулай, шаффоф ва барқарорлаштиришга хизмат қилмоқда.

Нигора Раҳмонова, ЎзА