Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар вазирларининг қишлоқ хўжалиги бўйича олтинчи йиғилишида иштирок этди.
Онлайн форматда ўтказилган учрашувда Бош котиб Владимир Норов бошчилигида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Котибияти, ФАОнинг Европа ва Марказий Осий бўйича минтақавий вакили Владимир Раҳманин, шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар–Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Қирғизистон, Покистон ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича вазирлари иштирок этди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Тадбир натижаларига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қўшма баёноти маъқулланди ва имзоланди. Шунингдек Аграр технологияларни алмашиш ва таълим бўйича ШҲТнинг кўргазма базасини яратиш концепцияси тасдиқланди.
Учрашувда келишилган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қўшма баёнотга кўра, аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан, хусусан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ўзаро манфаатли савдо-сотиқ қилиш, озиқ-овқатни ўз вақтида етказиб бериш бўйича ШҲТнинг "яшил" транспорт йўлаклари ва йўналишларни ташкиллаштириш бўйича ҳамкорлик қилиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ўзаро алмашиш учун ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги соҳасидаги назорат органлари бўйича ҳамкорлик ўрнатиш каби йўналишларни янада ривожлантириш режалаштирилган.
Аъзо давлатлар ШҲТнинг халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорлигини янада ривожлантиришдан манфаатдор.

Жамшид Хўжаев Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун 2023 йилгача БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Минтақавий конференциясининг 2023 йилгача амалдаги раиси сифатида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва ФАО ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришнинг муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон ушбу икки ташкилотнинг ўзаро алоқасини янада чуқурлаштиришга кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ШҲТ давлатларининг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлиги тўғрисидаги асосий ҳужжат 2010 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида имзоланган эди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА