French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги сиёсатида гендер тенглиги – барқарор қишлоқ ривожланишининг асоси
15:49 / 2025-06-30

Тошкент шаҳрида "Қишлоқ хўжалиги сиёсатида гендер тенглиги – барқарор қишлоқ ривожланишининг асоси" мавзусида тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида гендер тенглигини таъминлаш, аёллар учун муносиб ҳаёт ва меҳнат шароитларини яратиш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.  

Гендер ёндашувларини қишлоқ хўжалиги сиёсатига интеграция қилиш, бу йўналишда идоралараро ва тармоқлараро ҳамкорликни мустаҳкалаш юзасидан таклифлар кўриб чиқилди.  

Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам аёлларга кенг имкониятлар яратилаётганини эътироф этди.  

Соҳага доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, зарур шароитлар тақдим этилган. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида халқаро индексларда Ўзбекистоннинг ўрни мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида мамлакатимиз бешта энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторига кирди.  

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, республикамиз “Сиёсатдаги аёллар” рейтингида дунёдаги 190 та миллий парламентлар ўртасида 38-ўриндан, шунингдек, Очиқ гендер маълумотлар индексида жаҳондаги энг яхши 20 та мамлакат орасидан жой олди.  

Гендер тенгликни мустаҳкамлаш орқали қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш самарадорлиги ва даромадлар ҳажмининг ўсишига хизмат қилиши таъкидланди. Тадқиқотларга кўра, аёлларнинг тенг ҳуқуқли иштироки йирик фермер хўжаликларидаги ҳосилдорликни ўртача 15-20 фоизга оширади.  

Аёлларимиз фермерликда, агротехникада, илмда ҳам етакчилик қилмоқда. 90 мингдан ортиқ фермер хўжаликларнинг 6,5 фоизига аёллар раҳбардир.  700 минг гектар ер томорқа майдонларда хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. Қишлоқ хўжалиги фаолиятнинг 43,3 фоизи хотин-қизлар улушига тўғри келади.  

13 та аграр йўналишда 360 нафардан ортиқ хотин-қизлар илмий фаолият билан шуғулланиб келмоқда. Уларнинг 246 нафари илмий ходим, 104 нафари илмий тадқиқотчилар ҳисобланади.  

Тадбирда қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2025-2030 йилларга мўлжалланган Гендер стратегияси декларатив ҳужжат эмас, балки аниқ ҳаракатлар дастури эканлиги қайд этилди. Ҳужжат аёлларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, уларни тенг ҳуқуқли шерик сифатида қабул қилиш, ва ниҳоят, барқарор қишлоқ ривожланишига эришишга хизмат қилиши эътироф этилди.  

Шу билан бирга, стратегияни реал ҳаётга татбиқ этиш, унда кўзда тутилган чора-тадбирларни ҳар бир ҳудуд, ҳар бир маҳалла кесимида аниқ ижрога қаратилган механизмлар орқали жорий этишнинг муҳимлиги алоҳида таъкидланди.  

Н.Усмонова,  

ЎзА мухбири