Муносабат
Бугунги глобал иқтисодий ўзгаришлар, иқлим муаммолари ва дунёда озиқ-овқат таъминоти юзасидан ортиб бораётган рақобат шароитида қишлоқ хўжалиги ҳар қандай давлатнинг стратегик устунлиги ва барқарор ривожланиш драйверига айланмоқда. Айниқса, аҳолиси тез ўсиб бораётган ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришни мақсад қилаётган мамлакатлар учун аграр соҳа нафақат иқтисодий манфаат, балки ижтимоий барқарорлик ва миллий хавфсизликни таъминловчи асосий омил сифатида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон ҳам бу жараёнда ўзининг миллий аграр сиёсатини тубдан янгилаб, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш, бозор механизмларини кучайтириш ва инновацион технологияларни жорий этишга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқда.
Хусусан, экин майдонларини диверсификация қилиш, кластер ва кооперация тизимини ривожлантириш, экспортбоп ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш аграр соҳанинг янги босқичга кўтарилишига замин яратди.

Натижада, бугунга келиб қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётидаги энг муҳим тармоқлардан бири сифатида аҳоли бандлигини таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, миллий экспорт ҳажмини ошириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда беқиёс ўринга эга бўлди.
Ҳозирда 3,5 миллион нафар аҳоли қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, 2024 йил якуни бўйича қишлоқ хўжалиги тармоғининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 19,2 фоизни ташкил этган. Бу эса ушбу соҳа нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки аҳоли бандлигини ошириш ва экспорт орқали валюта тушумларини кўпайтиришда ҳам муҳим роль ўйнаётганини англатади.
Қолаверса, пахтачиликда илм-фан ютуқлари ва илғор агротехнология олиб кирилгани, юқори унумдор хорижий навлар экилгани ҳисобига жорий йил деҳқон ва фермерларимиз томонидан 875 минг гектар ерда 4 миллион тоннага яқин хирмон яратилди. Натижада, илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етди.
Шу билан бирга, жорий йил 3 мингдан зиёд фермер гектаридан ўртача 50-60 центнерлик, 1,5 минги 70 центнерлик маррадан ўтиб, пахтачиликда ўзининг тажриба мактабини яратди. Ғаллакорларимиз ҳам янги маҳаллий навлар ва биотехнология орқали бу йил 8 миллион 400 минг тонна хирмон яратди, ўртача ҳосилдорлик 85 центнерга етди.
Эътиборлиси, ушбу юқори натижали кўрсаткичлар халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон 2024 йилда Глобал очлик индекси бўйича 127 та давлат орасида 5 дан паст балл тўплаб, 22-ўринни эгаллади ва минтақада етакчи мамлакат сифатида қайт этилди. Бу мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган сиёсат ва амалий чора-тадбирларнинг самарадорлигини тасдиқлайди. Ушбу натижа, аҳолининг озиқ-овқат билан тўйиниш ҳолатининг яхшиланганини ва мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида керакли ютуқларга эришилганини кўрсатади.
Эндиликда, Президент ташаббуси билан Агросаноатни ривожлантириш жамғармасидан интенсив боғ ташкил қилиш учун 7 йилга 3 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит берилади. Тадбиркорлик компанияси томонидан музлаткичли омбор учун кредит фоизининг асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисми қопланади. Савдони ривожлантириш компанияси сабзавот экспортчилари ва боғбонларга қадоқлаш харажатининг 50 фоизини компенсация қилиши маълум қилинди. Бу каби иқтисодий қўллаб-қуватлашлар яқин вақт ичида соҳа тараққиётида янада юқори кўрсаткичларга эришиш имконини беради.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон 180 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини 80 дан зиёд мамлакатга экспорт қилмоқда. Бу эса миллий агросаноат маҳсулотларига бўлган халқаро талаб ортиб бораётганини, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг жаҳон озиқ-овқат бозорида мавқеи босқичма-босқич мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Албатта, соҳа ривожида қабул қилинган стратегия, давлат дастурлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, 2025 йилда қабул қилинган “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун Ўзбекистондаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага алоқадор ҳуқуқий муносабатларнинг асосини мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади. Ушбу қонун, ўз навбатида, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилишни кучайтириш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва миллий иқтисодиётда озиқ-овқат тармоғининг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, мазкур қонун озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш орқали, мамлакатнинг озиқ-овқат секторини глобал бозорларга интеграция қилиш, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқариш ва сифат назоратини кучайтиришга хизмат қилади.
Умуман олганда қишлоқ хўжалиги соҳаси давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборида бўлган масала ҳисобланади. Буни куни кеча қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа фидойиларининг тақдирланиши ҳамда Кўксарой қароргоҳида соҳа фаолари билан ўтказилган очиқ мулоқот мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, бугун мамлакат аҳолисининг қарийб 50 фоизи яшаётган ҳудудларда, иқтисодиётнинг тўртдан бир қисмини ташкил этаётган ва 3,5 миллион киши банд бўлиб турган мазкур соҳада тегишли ислоҳотларни жадаллаштириш, албатта, келгусида аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашга хизмат қилади.
Дилрабо ХОЛБОЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.
ЎзА