Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ҳисобига аҳоли даромадини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни моддий ресурслар (хизматлар) билан узлуксиз таъминлаш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида:
1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда – Боғдорчилик агентлиги) мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 12 ой муддатга, шу жумладан, 11 ойлик имтиёзли давр билан қўшимча 300 миллиард сўм бюджет ссудасини йиллик 10 фоиз ставкада ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Молия вазирлигига қайтарилган маблағлар ҳисобидан йил давомида Боғдорчилик агентлигининг буюртманомалари асосида қўшимча бюджет ссудаси ажратиб борилишини таъминлаш вазифаси юклатилсин. Бунда, ажратилган бюджет ссудаси бўйича қарздорликнинг жами суммаси мазкур қарор доирасида 300 миллиард сўмдан ошиб кетмаслиги кераклиги белгилаб қўйилсин.
2. Мазкур қарорнинг 1-бандида белгиланган маблағлар Боғдорчилик агентлиги томонидан тижорат банкларига ресурс сифатида йўналтирилган ҳолда, Боғдорчилик агентлигининг лойиҳа офислари раҳбарларининг ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг тавсиясига кўра:
қишлоқ хўжалиги корхоналарига – мева, узум, картошка, сабзавот, полиз экинлари, кўкатлар ва доривор ўсимликлар, дуккакли ва мойли экинлар (кейинги ўринларда – қишлоқ хўжалиги экинлари) етиштиришга уруғлик, ўғит, ёқилғи, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари етказиб бериш учун;
маҳсулотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга – етиштирилган қишлоқ хўжалиги экинларини харид қилишда талаб этиладиган айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилади.
Бунда:
қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун кредитлар 150 миллион сўмгача гаровсиз берилади;
кредитлар бўйича фоиз тўловлари йиллик 14 фоиз (шундан 3 фоизи банк маржаси) миқдорида белгиланиб, кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатгача ажратилади;
ажратиладиган кредит маблағларининг 50 фоизигача бўлган қисми қарз олувчи талабига асосан нақд пулда тақдим этилади;
ажратиладиган кредитлар бўйича Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари гаров таъминоти сифатида қабул қилинади.
3. Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун Боғдорчилик агентлигига зарур бўлган маблағларнинг олти ой олдин ажратиб борилишини таъминласин.
4. Белгилансинки:
а) кредит маблағларининг қайтмаслик хатарини суғурта қилиш бўйича ёки ҳосилни хавф-хатардан суғурта қилиш бўйича суғурта полиси қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчиларга ажратиладиган кредитлар бўйича гаров таъминоти сифатида қабул қилиниб, кредитларни сўндиришга йўналтирилиши мумкин;
б) қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчиларга ҳосилни хавф-хатардан суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Молия вазирлиги 2023 йил ва келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчиларга ҳосилни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаш мақсадлари учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
5. Боғдорчилик агентлиги директори Х.Каримов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Ҳаитов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари:
жорий йилда қўшимча ажратилаётган 20 минг гектар ва 2023 йилда бериладиган 95 169 гектар экин майдонларида етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан импортни қисқартиришга шахсан масъул эканликлари белгилаб қўйилсин;
2022-2023 йилларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириладиган майдонлар камида 300 минг гектарга етказилишини таъминласин. Бунда, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун мўлжалланган ерларга экинларни жойлаштириш Боғдорчилик агентлиги томонидан белгилаб берилади.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.Ҳаитов) ҳамда Боғдорчилик агентлиги (Х.Каримов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари билан биргаликда:
ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини, ўғит ва ўсимликлар ҳимояси воситаларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш ҳамда экинларни ер майдонларида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида жойлаштириш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш чораларини кўрсин.
7. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Мультимедиа маркази мева-сабзавотчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган ютуқ ва натижалар тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида қуйидаги вазифаларнинг амалга оширилишини таъминласин:
медиа маҳсулотлар (ролик, кўрсатув, репортаж, интервью ва турли слайдлар) орқали мева-сабзавотчилик соҳасида фермер, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ҳамда аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш;
аҳолини қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорликка қизиқтириш, ердан ва ресурслардан унумли фойдаланиш орқали ўз даромадини оширишга ўргатувчи телекўрсатувлар ташкил қилиш;
аҳолини қишлоқ хўжалиги соҳасида рўй бераётган янгиликлар, ижобий тажрибалар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлаётган талаблар ва ўзгаришлар тўғрисида кенг хабардор қилиш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида жаҳондаги илғор тажрибаларни республика ҳудудида оммалаштириш.
8. Бош Вазир ўринбосари Ж.А.Ходжаев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан узум етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарининг айланма маблағларини тўлдириш учун Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 2 йил муддатга, шу жумладан, 12 ойлик имтиёзли давр билан 10 миллион АҚШ доллари миқдорида йиллик 2 фоиз ставкада маблағ ажратсин.
Бунда, узум етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарига маблағ ажратиш шартлари Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (А.Ҳаитов) билан биргаликда ҳар бир ҳудудда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича тақдимотлар ва семинарлар ўтказсин.
10. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (А.Ходжаев), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (А.Воитов) билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.
11. Ҳисоб палатаси (Б.Турабов) Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси билан биргаликда мазкур қарорда назарда тутилган маблағларнинг ўз вақтида ажратилиши ва мақсадли сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
13. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири А.Б.Воитов, Боғдорчилик агентлиги директори Х.М.Каримов, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директори М.М.Убайдуллаев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2022 йил 6 октябрь