French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги: кечаги сукутдан эртанги баракага айланаётган адирлар
11:43 / 2026-02-23

Муносабат

Қишлоқ хўжалиги – ҳар қандай давлатнинг иқтисодий таянчи, озиқ-овқат хавфсизлигининг кафолати ва жамият барқарорлигининг асосий устуни ҳисобланади. 

Жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида янги ерларни ўзлаштириш ва соҳада илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги ерларини самарали ва замонавий усулларда ўзлаштириш, яйловлар ва чўл ҳудудларини тиклаш ҳамда илм-фан ва инновацияларни қишлоқ хўжалигига интеграция қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Тақдимотда илгари сурилган лойиҳалар қаторида 306,6 минг гектар ернинг ўзлаштирилиши, аграр таълим ва илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилиши, органик ва рақамли қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, шунингдек, агродронлар ва учувчисиз аппаратлардан кенг фойдаланиш каби замонавий лойиҳалар эътироф этилди. Шунингдек, тупроқ ҳолатини баҳолаш, суяк асосида органик ўғитлар тайёрлаш ва ерларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича илмий асосланган тадбирлар ҳам тақдим этилди.

Тан олиш керак,  чекка ҳудудларда қишлоқ хўжалиги миллионлаб аҳоли учун асосий даромад манбаи ҳисобланади. Ерга меҳр билан ёндашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва илмий ютуқларни амалиётга жорий этиш орқали жамиятнинг озиқ-овқат таъминоти мустаҳкамланиши билан бирга аҳолининг бандлиги ҳам таъминланади. 

Чўл ва қир-адирларда янги ҳаёт бошланади

Юртимизда ер, бу шунчаки табиий ресурс эмас, балки ризқ-насиба, фаровонлик ва келажак тимсолидир. Бугун мамлакатимизда мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини яратиш ҳамда қишлоқ аҳолиси даромадини ошириш мақсадида улкан дастур ишлаб чиқилди. Унга кўра, келгуси уч-беш йил давомида республика бўйлаб 306,6 минг гектар яйлов ер майдонларини ўзлаштириш белгиланган.

Бу ташаббус – оддий агротехник чора эмас. Бу – қир-адирлар ва чўл бағрига ҳаёт нафасини олиб кириш, унумсиз деб қаралган ҳудудларни иқтисодий фаоллик марказига айлантириш сари қўйилган қатъий қадам.

2026-2028 йилларда 35,8 минг гектар қир-адирлар ўзлаштирилади. Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида амалга ошириладиган ишлар натижасида минглаб гектар ерлар яна ишлаб чиқариш айланмасига киритилади. Бу ерларда 18,4 минг гектар майдон текисланиб, 1 261 километр янги суғориш тармоқлари қурилади, юзлаб насос агрегатлари ўрнатилади, қудуқлар қазилади. Қир-адирлар – кечаги сукутдан эртанги баракага айланади.

Шунингдек, 2026–2030 йилларда 45,4 минг гектар чўл минтақалари ҳам ўзлаштирилиб, замонавий ресурс тежамкор технологиялар жорий этилади. Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидаги чўл ҳудудлари босқичма-босқич фойдаланишга киритилади. Чўл бағрида янги ҳаёт манбалари пайдо бўлади – сув тармоқлари тортилади, коллекторлар барпо этилади, насос станциялари ишга туширилади. 

Айниқса, Қашқадарё вилоятидаги ишлар кўлами эътиборли. 2026–2030 йилларда вилоятда жами 184,4 минг гектар яйлов ер майдонлари ўзлаштирилиши режалаштирилган. Бунинг учун 1 та сув омбори қурилиши, кенг кўламли инфратузилма ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Жами 1 251 миллиард сўм маблағ талаб этилиши кутилмоқда. Бу – ҳудуд иқтисодиёти учун улкан сармоя ва янги иш ўринлари дегани.

Мазкур дастурда халқаро ҳамкорликка ҳам алоҳида ўрин берилган. Хусусан, ACWA Power компанияси томонидан 40,9 минг гектар яйлов ерларни ўзлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли вазирликларга тақдим этилган. Лойиҳа доирасида минглаб гектар ерлар фойдаланишга киритилиб, янги суғориш тармоқлари ва инфратузилма объектлари барпо этилади. Бу эса мамлакатимизда инвестиция муҳитининг жозибадорлиги ва аграр соҳада халқаро ҳамкорлик кенгайиб бораётганининг ёрқин ифодасидир.

Умуман олганда, 306,6 минг гектар ерни ўзлаштириш учун кенг қамровли инфратузилма ишлари режалаштирилган, 46,3 минг гектар ерни текислаш, 1 477 километр суғориш тармоқларини қуриш, юзлаб қудуқ ва насосларни ишга тушириш, 2 928 километр электр тармоқларини тортиш, 1 678 та трансформатор ўрнатиш шулар жумласидандир. Бунинг учун 2,3 триллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Бу рақамлар ортида катта меҳнат, пухта ҳисоб-китоб ва стратегик ёндашув мужассам. Энг муҳими, ушбу ташаббус натижасида чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базаси яратилади, ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажми ошади, минглаб қишлоқ аҳолиси учун янги даромад манбалари пайдо бўлади.

620 минг гектар яйловнинг янги ҳаёти

Тақдимот чоғида маълум қилинганидек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига қарашли 16 миллион гектар яйловни босқичма-босқич бир қисмини ўзлаштириш, қайта тиклаш ва самарали фойдаланиш бўйича стратегик дастур ишлаб чиқилди. Ушбу дастур доирасида 2026–2027 йилларда 620 минг гектар деградацияга учраган яйловлар қайта тикланади.

Жумладан, 300 минг гектар майдонда яйлов ўсимликлари – изень (чўл ўти), терескен, чогон (чоғон), саксовул ва бошқа турлар уруғлари экилади. 190 минг гектар майдонда алмашлаб боқиш тизими йўлга қўйилади, 130 минг гектарда эса қудуқлар ўрнатилиб, сув таъминоти ва ер ҳолати яхшиланади. Дастурни амалга ошириш учун 329 миллиард сўм маблағ, 2,4 минг тонна уруғ, 7,5 минг тонна ёқилғи-мойлаш материаллари, 487 дона техника воситалари ва 239 та бригада жалб қилинади.

Натижада 620 минг гектар яйлов қайта тикланиб, 300 минг гектар майдонда ўсимлик қоплами кенгаяди, 50 минг гектар уруғчилик майдонлари ташкил этилади. Шу билан бирга, 960 минг бош майда шохли мол боқиш имконияти яратилиб, қўшимча 13 минг тонна гўшт ва 1,5 минг тонна жун маҳсулоти ишлаб чиқарилади. 

Темир йўл ёқаларидаги ерлар ҳам эътиборда

Давлатимиз раҳбарига тақдим этилган яна бир лойиҳага кўра, Тошкент – Бухоро ҳамда Тошкент – Қарши йўналишидаги “Афросиёб” темир йўли ёқалари атрофидаги бир километр радиусдаги бўш турган жами 11,6 минг гектар майдонни ўзлаштириш бўйича мукаммал тавсиялар тайёрланди.

Тупроқ ва иқлим шароити ҳамда сув таъминоти таҳлили асосида 3,9 минг гектар ер усти суғориш ва 7,7 минг гектар ер ости сувларидан фойдаланиш режалаштирилди. Бу ерларни ривожлантириш учун умумий 146,7 миллиард сўм маблағ зарурлиги ҳисоблаб чиқилди. Мазкур лойиҳа доирасида сув хўжалиги ва энергетика вазирликлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлигида ерни текислаш, янги суғориш тармоқлари ва коллекторлар қуриш, тик қудуқлар ҳамда насос агрегатларини ўрнатиш ишлари амалга оширилади. Жами 300 километр электр тармоқлари тортилиши ва 293 та трансформатор ўрнатилиши ҳам лойиҳада назарда тутилган.

Ушбу ерлардан самарали фойдаланиш натижасида озиқ-овқат экинлари, чорва озуқаси, боғ ва токзорлар барпо этилади. Мисол учун: 384 гектар мойли экинлар, 4,0 минг гектар дуккакли экинлар, 678 гектар сабзавот, 5 гектар картошка, 568 гектар полиз, 679 гектар доривор экинлар, 4,5 минг гектар озуқабоп ва 809 гектарга боғ майдонлари ташкил этилади. Бу лойиҳа нафақат ерларнинг самарадорлигини оширади, балки маҳаллий аҳолига даромад ва иш ўринлари яратади, экологик барқарорликни таъминлайди ва республикада озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди. 

Ер – сукутни эмас, меҳнатни севган неъмат. Унга эътибор ва сармоя киритилса, албатта барака билан жавоб қайтаради. Бугун бошланаётган яйловларни ўзлаштириш дастури – эртанги фаровонлик пойдевори. Қир-адирлар ва чўллар бағрида бошланаётган бу улкан ўзгаришлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлиги ва қишлоқ тараққиёти йўлидаги яна бир тарихий қадам бўлиб қолиши шубҳасиз.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

                                                         қишлоқ хўжалиги вазири.

ЎзА