Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасида осон ва енгил йилнинг ўзи бўлмайди. Табиат инжиқликлари, сув ресурсларининг чеклангани, турли ҳашарот ва зараркунандалар билан курашиш ҳар бир деҳқондан катта азму шижоат, миришкорлик ва тажрибани талаб этади. Эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим ва залворли соҳа ҳам айнан қишлоқ хўжалиги тизимидир.
Йилнинг қайси бир даври бўлмасин, халқимиз ерга ўзгача меҳр билан қарайди. Деҳқон аҳли йил бўйи табиат билан тиллашиб зироатчилик қилади.
Сўнгги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Унинг самараси ўлароқ, илгари кузатилмаган юксак натижаларга эришилмоқда. Бу жараёнда қишлоқ хўжалигига инновация ва илғор ишланмалар, интенсив ва ресурстежовчи технологиялар, умуман, замонавий фан-техника ютуқларининг изчил татбиқ қилинаётгани муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Зеро, юртбошимиз айтиб ўтганидек, қишлоқ хўжалигини илмий асосда йўлга қўймас эканмиз, соҳада ривожланиш бўлмайди.
Имкониятлардан унумли фойдаланилмоқда. Омилкор деҳқонларимиз кўп йиллик бой тажрибасига таяниб, замонавий билимларни ўзлаштирган ҳолда йил – ўн икки ой фидокорона меҳнат қилиб, мақтовга арзигулик ютуқларни қўлга киритишга муваффақ бўлаётир.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов билан суҳбатимиз дунёда глобал озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи юзага келаётган бугунги вазиятда мамлакатда ички бозорни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ва экспортни кўпайтириш учун мавжуд шароитлар хусусида бўлди.
– Жорий йилнинг аномал совуқ билан бошланиши, баҳор мавсумидаги кучли ёғингарчилик, ёз чилласининг ўта иссиқ келиши, қурғоқчилик соҳа меҳнаткашларига жиддий ноқулайликлар туғдиргани табиий. Бу ҳақда фикрингиз.
– Қишлоқ хўжалиги соҳаси йилнинг қайси фасли бўлмасин машаққатлардан холи бўлмайди. Табиатнинг инжиқлиги, сув ресурсларининг чеклангани деярли доимий тарзда фермер фаолиятига сезиларли даражада ўз ҳукмини ўтказиб келади. Энг муҳими, соҳада ҳамиша муаммолар ечими изланади. Фермер бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилади.
Қишлоқ хўжалиги тизими мамлакатнинг асосий бўғини саналгани боис, деҳқон ва фермерларга етарли даражада имтиёз ва имкониятлар тақдим этилмоқда.
Пахта ва ғалла Ўзбекистон ҳудудида асосий экин мақомига эга. Жорий йилда деҳқонларимиз 3 миллион 800 минг тонна пахта, 8,5 миллион тонна ғалла хирмони яратишга эришди. Шунингдек, 15 миллион тоннадан ортиқ сабзавот-полиз, 5 миллион тонна мева ва узум, 4 миллион тонна картошка етиштирди. Соҳанинг бошқа тармоқларида ҳам шундай ўсиш кузатилмоқда.
Рақамлардан тийилган ҳолда, соҳада эришилаётган юксалишлар омилларига тўхталиб ўтмоқчиман. Жорий йилда аграр соҳада бир қанча маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди. Соҳа бошқарувидаги тарқоқ функциялар, вазифалар ва ваколатлар ягона тизимга уйғунлаштирилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни, хусусан, чорвачилик ва иссиқхона хўжаликларини, пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда узумчилик ва виночилик соҳасини барқарор ривожлантириш, хомашё базасини кенгайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш, аграр секторни замонавий, ресурстежамкор техникалар билан таъминлашни рағбатлантириш бўйича янги механизмлар жорий этилди.
Шунингдек, маҳсулот етиштирувчиларда ихтиёрийлик асосида экинларни мустақил жойлаштириш, давлат идоралари аралашувини бекор қилиш, фермерларга эркинлик бериш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Замонавий илм-фан ютуқларига асосланиб, агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни молиялаштириш тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши ҳам ўз самарасини бермоқда.
– Бугунги кунда ер ўзининг ҳақиқий эгасини топиб, фермерлик ҳаракати қишлоқлар тараққиётида ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқмоқда. Республика аҳолисини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва фермер хўжаликлари иқтисодини мустаҳкамлаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
–Мамлакатимиз аҳолиси йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бу борада халқни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш баробарида янги иш ўринлари яратиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, сўнгги икки йилда қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида 200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 670 минг нафар фуқарога бўлиб берилди.
Натижада, қарийб 2,2 миллионта мавсумий ва доимий иш ўрни яратилиб, қўшимча 3 миллион тонна маҳсулот етиштирилди. Бу ҳам дастурхонларимизнинг тўкин-сочин бўлишида маълум маънода ҳисса бўлиб қўшилаётир. Умуман олганда, 2023 йилда соҳада 3 миллион нафарга яқин қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва даромад манбаи таъминланди.
Асосий масалалардан бири бўлган тупроқ унумдорлигини ошириш, ерлар деградациясига қарши курашишнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ва соҳа экотизимининг барқарорлигини сақлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида экинлар ҳосилдорлиги ортиши кузатилган. 2023 йилда 100 минг гектар ернинг тупроқ таркиби яхшиланиб, қайта фойдаланишга киритилган ва бу ерларга озиқ-овқат экинлари экилди, мевали боғ ва токзорлар барпо этилди. Натижада, соҳага замонавий илмий ва инновацион ишланмаларнинг изчил татбиқ этилаётгани, гумусли биоўғитлардан самарали фойдаланилаётгани боис тупроқ унумдорлиги ошиб, ҳосилдорлик пахтачиликда 10 фоиз, ғаллачиликда 20 фоиз, сабзавот-полиз экинларида 25-30 фоизгача ортди.
Халқимизда “Гап сариштада” деган пурмаъно ибора бор. Бундан йигирма-ўттиз йил муқаддам ва ундан олдин ҳам соҳибкорларимиз етиштирган мева-сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш, яқин-олис бозорларга етказиш масалалари ниҳоятда қониқарсиз аҳволда бўлгани сабабли пишиб етилган ҳосилнинг учдан бир қисми нес-нобуд бўлар эди. Қисқа қилиб айтганда, қишлоқ хўжалиги соҳасида лоқайдлик, кўзбўямачилик кетмайди.
Эндиликда қишлоқ жойларида ҳам замонавий савдо, логистика марказлари, маҳсулотни чуқур қайта ишлаш, сақлаш корхоналарининг сони ортиб боряпти. Пировардида булар халқимизни йил бўйи сархил мева-сабзавот билан таъминлаш баробарида аграр соҳанинг ривожланишига ва экспорт имкониятларининг кенгайишига замин бўлиб хизмат қилаётир. Жорий йилда мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватлари 3,3 миллион тоннага, агрологистика марказлари сони 76 тага ва қуввати эса қарийб 1 миллион тоннага етказилди.
Ушбу йилда мамлакатимиз соҳибкорлари 80га яқин хорижий давлатга қиймати қарийб 1,5 миллиард доллардан ортиқ маҳсулот экспорт қилди. Ўзбек деҳқони етиштирган турли ноз-неъматлар дунёнинг барча қитъаларига етиб бормоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида, жумладан, пахтачилик, ғаллачилик, тўқимачилик, касаначилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, пиллачиликда 800 дан ортиқ агрокластер фаолият юритиб келмоқда. Пахта ва ғалланинг 100 фоизи, мева-сабзавот маҳсулотларининг 60 фоизидан ортиғи айнан кластер усулида етиштирилмоқда. Ишлаб чиқариш жараёнида бу усул тобора такомиллаштирилиб борилаётир.
Давлатимиз раҳбари 9 ноябрь куни пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида шулар хусусида батафсил тўхталиб ўтди, янги таклиф ва ташаббусларни ўртага ташлади.
Хусусан, кластерлар ва фермерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланмоқда. Бундан буён фермерлар бир вилоят ҳудудидаги исталган кластер билан фьючерс шартномаси тузиши мумкин бўлади. Хуллас, тизимдаги янгиликлар соҳа равнақини белгилаб, келгуси йилда пахта толаси тўлиқ қайта ишланиб, қиймати 9,6 миллиард долларга етказилади. Экспорт миқдори эса 4,5 миллиард долларни ташкил этади.
– Маълумки, мўл ва сифатли ҳосил олиш, тармоқни илғор усуллар асосида ривожлантиришда замонавий техника ва агрегатлар муҳим ўрин тутади. Соҳада техника таъминотини яхшилаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?
– Тўғри айтдингиз, тармоқда қишлоқ хўжалиги техникаларининг ўрни беқиёс. Бежизга “Техника – деҳқоннинг қаноти” деб айтилмайди. Бу борада соҳада техника таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг ўзида 2,5 триллион сўмлик 10,5 мингдан ортиқ юқори унумли техника ва агрегатлар кластер, фермер ва деҳқонларга етказиб берилди. Пировардида чигит экиш мавсуми 20 кундан 8 кунга, ғалла ўрим мавсуми 30 кундан 16 кунга қисқариб, шудгорлаш ишларини 20-25 кунда якунлаш имконияти яратилди.
Тизимли ишлар натижасида Янги Ўзбекистон даврида илк мартоба етиштирилган ҳосилнинг 25 фоизи машиналарда териб олинди. Чорвачилик тармоқларида ҳам янги тизимлар жорий этилиб, давлат томонидан чорвадорларга катта имконият ва имтиёзлар берилди. Жорий йилда хорижий мамлакатлардан юртимизга 70 минг бош наслли қорамол, 180 минг бош қўй-эчки ва 2 миллион бош жўжа келтирилди. Бу чора-тадбирлар натижасида республикамизда зоти яхшиланган қорамоллар улуши 74 фоизга, ҳудудларда йирик чорвачилик комплекслари сони эса 540 тага етказилди. Ваҳоланки, уларнинг сони 2019 йилда атиги 50 тани ташкил этарди. Бозор ва дўконларда гўшт ҳамда сут маҳсулотлари турлари кўплиги, нарх-наво мўътадиллиги мана шу каби саъй-ҳаракатлар маҳсулидир.
Бугунги кунда бутун дунёда, жумладан, юртимизда ҳам содир бўлаётган иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг тобора танқислашуви, чўллашув даражасининг ошиши кўп тармоқли аграр соҳа меҳнаткашлари ва олимлари олдига кўплаб муаммолар ечимини топиш масаласини қўймоқда.
Бу каби хавфларнинг олдини олиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, соҳани ресурс тежайдиган ва юқори унумли янги техникалар билан узлуксиз таъминлаб бориш, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида агротехнологияларни жорий этиш, хақиқий бозор механизмларини жорий қилиш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда етук билимга эга мутахассислар тайёрлаш олдимиздаги устувор вазифалардан бўлиб қолаётир.
Ушбу устувор вазифани таъминлашнинг бирдан-бир йўли бу – соҳага илм-фан ва инновацияларни кенг жорий этишдир. Қолаверса, қишлоқ хўжалиги соҳасининг кўп минг сонли меҳнаткашлари олдида халқимизни турли ноз-неъматлар билан узлуксиз таъминлаш, маҳсулот етиштириш миқдорини ошириб бориш каби кўплаб устувор масалалар турибди. Мен шу соҳанинг вакили сифатида заҳматкаш деҳқон аҳлининг, саботли ва фидойи олимларимизнинг бундан кейин ҳам зиммаларидаги вазифаларини сидқидилдан бажаришига аминман.
– Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Муҳайё Тошқораева суҳбатлашди.
ЎзА