Қишлоқ хўжалиги фидойиларига эҳтиром кўрсатилди
Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги “Истиқлол” базмгоҳида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Туман ҳокими Бекзод Бобомуродов қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароит ва имкониятлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида гапирди.

Туманда жами ер майдони 218 минг 519 гектар бўлиб, 160 минг 950 гектар майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Унинг 31 минг 301 гектари суғориладиган майдонни ташкил этади. 515 та фермер хўжалиги, 6050 нафар деҳқон хўжалиги, 29 минг нафарга яқин томорқа ер эгалари мавжуд.
2023 йилда ғалла ҳосили учун фермер хўжаликлари томонидан “Шербек келажаги хусусий корхонаси” кластери билан 25 минг 348 тонна дон сотиш бўйича фючерс шартномалари тузилиб, амалда 25 минг 897 тонна дон етиштирилиб, режа ортиғи билан бажарилди.

Шунингдек, фермерлар “Textile Navoiy Group” МЧЖ билан 26 минг 533 тонна пахта хомашёси топшириш бўйича шартнома тузишиб, қабул пунктларига 27 минг 39 тонна пахта хомашёси етказиб беришди.
Жумладан, “Ғолиб” фермер хўжалиги 89,5 тонна ўрнига 152 тонна, “Акрам Шариф” фермер хўжалиги 45,8 тонна ўрнига 70,3 тонна, “Ўртачўл юлдузи 2018” фермер хўжалиги 93,5 тонна ўрнига 141,3 тонна, “Сафаробод боғи” фермер хўжалиги 280,9 тонна ўрнига 350,2 тонна, “Камолиддин” фермер хўжалиги 206,4 тонна ўрнига 241,1 тонна пахта хомашёси топшириб, илғорлар сафидан жой эгаллади.

Йилдан йилга аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида сувга бўлган талаб ортиб бормоқда. Бу эса қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона ва тежаб фойдаланишни тақозо этмоқда.
Бугунги кунда туманда 2377,3 гектар майдонда томчилатиб, 997,7 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологиясидан фойдаланилаётган бўлса, биргина жорий йилнинг ўзида 387,7 гектар майдонга томчилатиб, 744,7 гектар майдонга ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилди.

Тадбирда 60 нафарга яқин соҳа фидойиси ҳокимликнинг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар тадбир иштирокчиларига байрам кайфиятини улашди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири