“Ўзагроинспекция”нинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан Қизилтепа туманида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш юзасидан назорат тадбирлари олиб борилди.
Назорат тадбири давомида “Ромитан транс йўл қурилиш” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган Тошработ-Хазора ҳудудидан ўтувчи ички йўлларни таъмирлаш ишлари ҳолати ўрганилди.
– Ўрганиш давомида йўлларни таъмирлашга жалб қилинган махсус техникалар томонидан ушбу ички йўлларга туташган 2,4 гектар яйлов ер майдонларининг унумдор қатламини рухсатсиз, ўзбошимчалик билан сидириб олиниши ҳолати аниқланди, – дейди инспекциянинг вилоят бошқармаси етакчи мутахассиси Азимжон Туробов. – Натижада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги “Шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан давлат ва жамият манфаатларига қарийб 24 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.

Юқоридаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан инспекциянинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш шўъбаси томонидан айбдор шахсларни аниқлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларига етказилган зарарни ундириш бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири