Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш "Ўзагроинспекция" назоратида
00:07 / 2025-09-14

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ҳамда ер қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада “Ўзагроинспекция” томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган назорат тадбирлари салмоқли натижаларни кўрсатмоқда.

Жумладан, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида  “Ўзагроинспекция” томонидан қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолатини ўрганиш юзасидан 5 333 та назорат тадбири ўтказилган. Шулардан 3 468 таси мониторинг, 1 865 таси эса текширишлар шаклида амалга оширилган.

Назорат ишлари давомида 4 420 та қонунбузилиши ҳолати аниқланган. Бу ҳолатлар юзасидан 1 414 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 005 та ёзма кўрсатма, 590 та тақдимнома ва 1 522 та ҳолат юзасидан тегишли органларга маълумотлар юборилган. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари ҳамда бошқа ваколатли ташкилотларга ушбу ҳолатлар юзасидан жами 1 522 та ҳужжат юборилган.

Ўрганишлар натижасида аниқланган ҳолатлар орасида қишлоқ хўжалиги ерларини мақсадсиз ишлатиш ва уларни муомаладан чиқариш ҳолатлари алоҳида эътиборга лойиқ. Бу каби 1 710 та ҳолатда жами 283,94 гектар ер майдонида қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилган.

Хусусан, ер турлари бўйича таҳлил қилинганда 220,74 гектари суғориладиган, 0,59 гектари лалми, 52,47 гектари яйлов, 3,14 гектари бошқа турдаги ва 7 гектари суғориладиган бўз ерлардир.  

Қайд этилишича, қонунбузилишлар оқибатида қишлоқ хўжалиги ерлари ўрнини ўзгартириш, қурилиш ишлари олиб бориш ва бошқа мақсадлар учун ноқонуний равишда фойдаланиш ҳолатлари кузатилган. Бунинг натижасида давлат манфаатларига 162 миллиард 810 миллион сўмдан зиёд миқдорда иқтисодий зарар етказилган.

– Жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган назорат тадбирлари натижасида қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари кўп аниқланди, – дейди “Ўзагроинспекция” қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи Адҳам Маҳмудов. – Хусусан, айрим фуқаролар томонидан  ўзбошимчалик билан қилинган ноқонуний қурилиш ишлари натижасида юзага келган зарар миқдори юқори бўлди. Масалан, Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Қарши акциядорлик жамияти”га тегишли 49,7 балл бонитетли 2,5 гектар суғориладиган ерда фуқаро Э.Р. томонидан ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилган. Бу ҳолат туфайли қишлоқ хўжалигига 2,1 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.

Шунингдек, Самарқанд туманида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. Талибарзупоён маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Н. томонидан “Наврўз” агрофирмасига тегишли суғориладиган ер майдонида ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилган. Бу билан давлат манфаатларига 22,4 миллион сўм зарар етказилган.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда. Жумладан, 111 та ҳолат судларга, 987 та ҳолат прокуратура органларига, 424 та ҳолат эса бошқа ваколатли ташкилотларга кўриб чиқиш ва чора кўриш учун юборилган.

Бу каби назорат ва ҳуқуқий таъсир чоралари қишлоқ хўжалиги ерларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланишни таъминлаш, ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва уларнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга қаратилган.

Нилуфар Бозорова, ЎзА