Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги ерлари муҳофазаси кучайтирилмоқда
16:35 / 2026-01-09

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш ва улардан мақсадли фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар, жорий этилган замонавий технологиялар ҳамда эришилаётган натижалар хусусида “Ўзагроинспекция”нинг Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бошлиғи Адҳам Маҳмудов билан суҳбатлашдик.

– Адҳам Бахтиёрович, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш соҳасида “Ўзагроинспекция”нинг ўрни нималардан иборат ва улар қайси норматив хужжатлар билан белгиланган?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги қарори, 2024 йил 22 октябрдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги 575-сон қарори асосида  қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш ва улардан мақсадли фойдаланиш устидан давлат назоратини ўрнатиш “Ўзагроинспекция”нинг асосий вазифалари этиб белгиланган. Асосий мақсад қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланишни таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш орқали муомиладан чиқиб кетишининг олдини олиш ҳамда  республикамизда усиб бораётган аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида тизимли назорат ўрнатишдан иборат.

– Соҳада қонунбузилишларни аниқлашда қандай замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда?

– Жорий йилнинг 6 май куни “Ўзбеккосмос” агентлиги билан ҳамкорлик битими имзоланди. Ушбу битим доирасида космик мониторинг натижаларидан фойдаланилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ерларидаги қонунбузилишларни масофавий тарзда тезкор аниқлаш имкони яратилди. Бу орқали ер қонунбузилиши ҳолатлари Инспекциянинг соҳавий мутахассислари томонидан барча ерларни мониторинг қилиб эмас, космик мониторингда аниқланган ҳолатларга геолокация орқали тўғридан-тўғри бориб ўрганилиши ва тегишли чоралар кўрилишига натижасида назорат тадбирларининг самарадорлиги ошишига эришилмоқда.

– Космик мониторинг орқали қандай натижаларга эришилди?

– Сўнгги икки йил давомида космик мониторинг орқали қишлоқ хўжалиги ерларида эҳтимоли юқори бўлган  ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилиш қурилганлиги тўғрисида жами 19 минг 515 та ҳолатда маълумотлар тақдим этилди. Ҳудудларда ўтказилган текширувлар натижасида 579,6 гектар қишлоқ хўжалиги ерларида 13 минг 878 та, яъни 58 фоиз ҳолат аниқланди.

Шунингдек, 417 гектар қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ерларда 5 минг 637 та ёки 42 фоиз ҳолат қайд этилди.

– Аниқланган қонунбузилишлар бўйича қандай чоралар кўрилди?

– 9 минг 871 та ҳолат бўйича қишлоқ хўжалигига етказилган зарар миқдори умумий 117,8 миллиард сўмни ташкил этди ва расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли органларга ваколат доирасида қонуний қарор қабул қилиш учун юборилди. Жумладан, 6 минг 20 та ҳолат Бош прокуратуранинг ҳудудий ва туман бўлинмаларига, 2 минг 875 та ҳолат Ички ишлар вазирлиги органларига, 304 та ҳолат суд органларига тақдим этилди. Шунингдек, 180 та ҳолатда Инспекция ваколатлари доирасида маъмурий чоралар қўлланилди.

– Барча аниқланган ҳолатлар қонунбузилиш сифатида баҳоланадими?

– Йўқ, барча ҳолатлар ҳам қонунбузилиш ҳисобланмайди. Юқорида таъкидланганидек, космик мониторинг натижаларига эҳтимоли юқори бўлган ер қонунбузилиши сифатида маълумотлар берилади. Инспекция томонидан ўрганиш натижаларига кўра улар тахлил этилади ва қонунийлиги ўрганилади.  

Масалан, 229 гектар қишлоқ хўжалиги ерларида 3 минг 287 та ҳолатда ноқонуний қурилиш мавжуд эмаслиги аниқланди. Бу асосан қуёш панеллари ўрнатилиши, кўчма асалари уялари, мавсумий чайлалар ва бошқа вақтинчалик фойдаланиш турлари билан боғлиқ. Барча ҳолатлар расмий фотолавҳалар ва далолатномалар билан ҳужжатланди.

– Қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган ерларда қандай ишлар амалга оширилди?

– Қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган 417,3 гектар ер майдонида аниқланган 5 минг 462 та ҳолат бўйича маълумотлар тегишли ташкилотларга йўналтирилди. Хусусан, 4 минг 865 та ҳолат Кадастр агентлигига, 60 та ҳолат ўрмон хўжалиги ташкилотларига, 368 та ҳолат эса бошқа тегишли идораларга юборилди.

Мухтасар айтганда, соҳага космик мониторинг ва сунъий интелект технологияларнинг жорий этилиши туфайли қишлоқ хўжалик ерларида нафақат қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш, балки йил давомида ерларни экин мавсумига тайёрлаш, экинларнинг экилиши ва бошқа турдаги агротехник тадбирлар амалга оширилишини кузатиб бориш амалиёти яратилди. Бу энг асосий ютуқларимиздан биридир.  

ЎзА мухбири Нилуфар Бозорова

суҳбатлашди.