Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан таъминлаш даражаси 100 фоизга етказилади
20:29 / 2026-01-23

“Тараққиёт стратегияси” марказида такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” йўналиши бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи Бунёд Тиллахўжаев сўзга чиқиб, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, шу ўринда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг лойиҳаси муҳокамасида кенг жамоатчиликнинг фаол иштироки белгиланаётган вазифаларнинг янада мукаммал ва халқчил бўлишини таъминлашга хизмат қилади. 

[gallery-27281]

“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг айнан учинчи устувор йўналиши, яъни “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” йўналишида ҳам мақсадли кўрсаткичлар жорий этилмоқда. Унга кўра, 2030 йилгача мамлакатда атроф-мухит ва сув ресурслари масалалари бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилиши ва нималарга эришиш лозимлиги аниқ мақсадли индикаторлар мисолида белгиланмоқда.

Қайд этилишича, мамлакатимизда суғориладиган экин майдонлари 4,3 миллион гектарни ташкил этса, 2025 йил охирига келиб 2,6 миллион гектар майдон, яъни суғориладиган ерларнинг 60 фоизи сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинди. Янгиланаётган Стратегияда 2030 йилгача қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилмоқда.

Стратегиянинг янги лойиҳасида мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичлари йиллар кесимида аниқ белгилаб берилмоқда. Молиявий манбалар ва масъул идоралар аниқ кўрсатилмоқда.

Тадбирда сўз олган Ўрмон ва яшил худудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги вакили Ҳожимурод Толипов мамлакатимизни яшиллаштириш ва ўрмон худудларини кенгайтириш масалалари бўйича сўз юритди. Хусусан, ўтган 2020-2025 йилларда 13 минг 207 гектар иҳотазорлар барпо этилган бўлса, келгуси 5 йиллик даврда бу кўрсаткич 16 минг гектарга етади.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий кўмитаси вакили Ақлбек Нормирзаев ўз маърузасида, чиқиндиларни қайта ишлаш, атмосфера зарарланишининг олдини олиш ва умуман атроф-мухитни яхшилаш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга оид масалалар бўйича гапириб ўтди.

Матбуот анжумани якунида масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.

ЎзА