Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ хўжалиги: амалий ишлар ўрганилмоқда
11:44 / 2023-07-17

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ янги иш ҳафтасини Косонсой тумани қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишишдан бошлади.

Янги Ўзбекистонда одамларни рози қилиш борасида қўйилган эзгу мақсадларга эришиш бугунги кунда ҳар бир раҳбарнинг шарафли вазифаси ҳисобланади. Даставвал, нуронийлар дуога қўл очиб, юртимиз барқарорлиги ва етиштириладиган ҳосилга барака тилашди. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб ғўза парваришида “Зарбдор 40 кунлик” ўтказилмоқда.  

Ишчи гуруҳ аъзолари Қуқумбойдаги “Қуқумбой дурдонаси” фермер хўжалигида бўлиб, ғўза парвариши бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Ҳозирда ғўза майдонларида чеканка, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш, суғориш, қўшимча азотли ўғитлар билан озиқлантириш жараёнлари авж паллада.  

Косонсойда янги мавсум учун 3 минг 806 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, пахтакорлар томонидан 11 минг тоннадан зиёд “оқ олтин” хирмонини яратиш режалаштирилган. Аҳолини сифатли озиқ-овқат, айниқса, гўшт маҳсулотлари билан таъминлашда паррандачиликнинг ўрни катта. Шу боисдан ҳам мамлакатимизда мазкур тармоқ ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қуқумбой ҳудудида паррандачиликка ихтисослашган “Косонсой туҳфаси агроэкспорт” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган янги лойиҳа бунинг ёрқин далилидир.  

Лойиҳа ташаббускорлари томонидан гидропоника усулида иссиқхона қурилиши ва Германия технологияси асосида наслчилик паррандачиликни ташкил этиш кўзда тутилган. Қиймати 5 миллион долларга тенг бўлган ушбу лойиҳа ишга тушса, 100 киши иш билан таъминланади. Ҳозирга қадар тухум етиштириш билан шуғулланган корхонада Ломан браун товуқлари парваришланиб, кунига 70 мингдан ортиқ тухум олинмоқда.  

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов мазкур корхонанинг янги лойиҳаси билан танишди ва ўз тавсияларини берди. Ишчи гуруҳи аҳоли томонидан йўллаган мурожаатлар ижросини таъминлаш борасидаги ишлар қандай кетаётганига эътибор қаратди. Косонсой тумани марказидан олис ҳудудда бўлган Бўстон маҳалласида жойлашган 31-сонли умумтаълим мактаби филиалига янги ўқув биноси барпо этилмоқда. Ҳудуд аҳолиси, ота-оналарнинг мурожаатларига асосан эскирган ушбу мактаб биноси ўрнида 160 ўринли янги бино қурилмоқда. Билим масканидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари учун бюджетдан 3 миллиард 170 миллион сўм ажратилган. Мазкур ижтимоий объект билан танишган вилоят ҳокими қурилиш ишлари мутасаддиларига ишни имкон қадар тез ва сифатли якунлаш топшириғини берди.  

Оқилхон Дадабоев,

ЎзА.