Сув танқис бўлиб бораётган айни пайтда мавжуд сув захираларини асраш ва уни тежаб, самарали тарзда ишлатиш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада юртимизда сув хўжалигида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, бунинг учун давлат бюджетидан маблағлар ажратиш, соҳадаги ишларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилда ҳам Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга ажратилган бюджет маблағлари сувдан самарали фойдаланишда замонавий қурилмаларни жорий этиш, насос ва электродвигателларни янгилаш, энерготежамкор қурилмаларни ўрнатиш, ирригация ва мелиорация объектлари ҳолатини яхшилаш, коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда бошқа объектларнинг техник ҳолатини яхшилаш каби дастурларга сарфланган.

Ушбу йўналишдаги ишлар Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди. Унда Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар бюджетларининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Депутатлар бюджет ижроси муҳокамаларида аграр тармоқни ривожлантириш, сув хўжалигида ислоҳотларни жадаллаштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатига алоҳида эътибор қаратдилар.

Қайд этилганидек, ўтган даврда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга ажратилган маблағлар сув тежовчи технологияларни жорий этиш, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, чорвачиликни рағбатлантириш ва субсидиялар ажратиш, гидрографик объектларни рақамлаштириш, насос агрегатлари истеъмол қиладиган электр энергияси харажатини қоплаш ва бошқа тадбирлар учун йўналтирилган.
Шунингдек, сув хўжалиги тизимидаги насос станцияларини сақлаш, соҳадаги давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувни ташкил этиш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, магистрал ва ички каналларни бетонлаштириш, соҳада энерготежамкор қурилмалардан кенг фойдаланишни кенгайтириш борасидаги ишлар ҳам халқ вакилларининг эътибор марказида бўлди.
Бундан ташқари, ўсимликлар карантини ва ҳимоясини ташкил қилиш, агросаноатни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш, уларни техникалар билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати ҳам муҳокама қилинди.
Мунозараларда соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА