Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ тараққиёти мутахассис малакасига боғлиқ
18:40 / 2023-05-31

Самарқанд шаҳрида “Масъулиятли молия ва қишлоқнинг барқарор ривожланиши” таълим лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

"Тадбиркор аёл" халқаро ишбилармон аёллар  ассоциацияси ва Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича Жамғарма кассалари фонди (German Sparkassenstiftung for International Cooperation) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ўтган йили Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон республикасида 400 га яқин хотин-қизлар ўқув машғулотларида иштирок этиб, хорижий экспертлар ёрдамида 10 нафардан ортиқ малакали мураббийлар тайёрланган эди.  

Ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш мақсадида жорий йил германияликлар билан биргаликда “Иқтисодий, молиявий ва бизнес саводхонликни ошириш учун таълим фонди” ташкил қилинди.  Янги жамғарма кўмагида "Масъулиятли молия ва қишлоқларни барқарор ривожланиши" қўшма лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг 12 вилоятида амалга оширилиши белгиланган. Лойиҳада қишлоқ хўжалигида янги иш бошлаётган ва ўз ишини янада ривожлантириш истагидаги хотин-қизлар иштирок этади.  

Лойиҳани самарали амалга ошириш мақсадида ҳудудий бўлинмалар раҳбарлари ва бизнес тренерлар учун хорижий бизнес эксперт раҳбарлигида мураббийлик малакасини ошириш бўйича уч кунлик ўқув-семинар ташкил этилди. Унда иштирокчиларга нафақат назарий билимларни ўзлаштириш, балки жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини ҳам эгаллаш имкони яратилди.  

Ўқув жараёнида касбий тайёргарликнинг барча шаклларидан самарали фойдаланилди. Ўқув-семинар якунида соҳавий билимларни пухта ўзлаштирган 25 нафар иштирокчига тренерлик сертификатлари топширилди. Улар ўз тажрибаларини ҳудудларда ёш тадбиркорларни тайёрлашда қўллаб, қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшишади. Белгиланган режа бўйича мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида 70 дан ортиқ тренинглар ўтказилиши кўзда тутилган. Бунинг натижасида қишлоқнинг 1400 дан зиёд аёллари ишбилармонлик кўникмаларига эга бўлади.  

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА