Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасида экологик ва ижтимоий талаб-тартиблар
18:26 / 2022-07-19

Сўнгги пайтларда бутун дунёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқариш самарадорлигига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бунда эса лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичларида экологик стандартлар ва қоидаларга риоя қилиш муҳим ўринни эгаллайди.

Ушбу стандартларни амалда қўллашда «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасида қандай қоида ва тартиблар амалга оширилади?

Ушбу савол билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Бирлаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳининг Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича мутахассиси Илҳом РЎЗИЕВга юзландик.

– Илҳом ака, «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасининг мақсади ва вазифаларига тўхталиб ўтсангиз. Ушбу лойиҳа доирасида олис қишлоқларда қандай ишлар амалга оширилади?

– Лойиҳа Жаҳон банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан молиялаштирилган бўлиб, унинг асосий мақсади туман марказларидан четда жойлашган қишлоқлардаги аҳоли учун муносиб шароит яратишдир. Бунда қуйидаги лойиҳалар амалга оширилади: мактаб ва боғчаларни қуриш ва реконструкция қилиш, ички йўлларни таъмирлаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр энергия таъминоти ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга бўлган объектлар.

– Маълумки, лойиҳа амалиётга татбиқ этилиши жараёнида атроф-муҳит ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш юзасидан нафақат миллий қонунчилик, балки Жаҳон банкининг стандартларига ҳам амал қилади. Айтингчи, Ўзбекистон Республикасидаги экология масалалари билан боғлиқ норматив ҳужжатлар ва Жаҳон банкининг протоколларида акс эттирилган стандартлар қандай фарқланади?

– Ўзбекистон Республикасида энг кўп қонун ва қарорлар айнан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаси бўйича ишлаб чиқилган ва қабул қилинган. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига асосан объектларнинг атроф-муҳитга таъсири ва фаолият турига қараб 4 тоифага бўлинади, яъни 1 – тоифа (юқори даражадаги хавфли), 2-тоифа (ўрта даражадаги хавфли), 3-тоифа (паст даражадаги хавфли) ва 4-тоифа (маҳаллий таъсир кўрсатиш). Лойиҳа доирасида фақат 2-4 тоифадаги объектлар амалга оширилади. Танланган сублойиҳалар учун Атроф-муҳитга таъсири тўғрисидаги ариза лойиҳаси ишлаб чиқилади ва давлат экологик экспертизасига топширилади.

Жаҳон банкининг 4.01 Амалий сиёсати экологик баҳолашга асосан мазкур лойиҳа учун «Атроф-муҳит ва ижтимоий муҳофаза чораларини бошқаришнинг асосий модели» (Environmental and Social Management Framework) ва Кўчириш ҳаракатлари режасининг асосий модели (Ressetlement Plan Framework) қўлланмаси ишлаб чиқилиб, у Жаҳон банки томонидан тасдиқлангандир.

Жаҳон банкининг экологик баҳолаш бўйича объектларнинг атроф-муҳитга таъсири фаолият тури ва жойлашган жойига қараб 4 тоифага бўлинади, яъни «А» – тоифа (сезиларли салбий таъсир), «В» – тоифа (мумкин бўлган салбий таъсирлар), «С»– тоифа (минимал ёки ҳеч қандай салбий таъсир бўлмаган) ва «ФИ» – тоифа (банк маблағларини инвестиция қилиш). Лойиҳа доирасида фақат «А» – тоифадаги объектлар молиялаштирилмайди. Танланган сублойиҳалар учун Атроф-муҳит ва ижтимоий бошқарув режаси ҳужжати ишлаб чиқилади ва лойиҳа тоифасига қараб Жаҳон банки томонидан маъқулланади.

– «Атроф-муҳит ва ижтимоий муҳофаза чораларини бошқаришнинг асосий модели» (Environmental and Social Management Framework) ва Кўчириш ҳаракатлари режаси (Ressetlement Plan Framework) ўз ичига қандай тамойилларни олади?

– Мазкур ҳужжатлар асосан лойиҳа олди, қурилиш жараёнлари ва фаолиятга топширилгандан кейинги фаолиятида экологик ва ижтимоий муҳофаза қилиш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун қўлланма ҳисобланади. Асосан лойиҳанинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ва молиявий хавфларни камайтириш, атроф-муҳит ва инсон саломатлиги ҳамда фаровонлигига салбий таъсирларнинг олдини олиш ва камайтиришдан иборат.

– Лойиҳани амалга оширишда аҳолининг ижтимоий муҳофазаси қандай таъминланади?

– Аввало, ушбу лойиҳа Ўзбекистондаги илк (қалдирғоч) ижтимоий лойиҳа эканлигини таъкидлаб ўтиб, сублойиҳаларни аниқлаш ва амалга ошириш жараёнларида аҳолининг фаол иштирокига йўл очилганлиги, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари алоҳида тамойил сифатида олинганлиги муҳим аҳамият касб этиб, аҳолига янада яқинроқ бўлиш ва уларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларини эшитиб, ҳамкорликда уларни бартараф қилишга имконият яратади.

Бундан ташқари, лойиҳадан жабрланган шахслар бўлган тақдирда уларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида кўрсатмалар иборат қўлланма ҳам ишлаб чиқилган. Ҳар қандай ижтимоий хавф содир бўлишини юмшатиш чораларига алоҳида эътибор қаратилган. Ҳар бир лойиҳа доирасидаги танланган қишлоқларда аҳоли мурожаатлари учун махсус қутилар ҳам ўрнатилган. Шу ўринда қўшимча сифатида айтиб ўтишим зарурки, лойиҳани ўзида алоҳида шикоятларни кўриб чиқиш механизми фаолият кўрсатиб келмоқда.

– Лойиҳа доирасидаги жараёнларни экологик – ижтимоий баҳолаш босқичлари ва қандай ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ҳақида гапириб бера оласизми?

– Жаҳон банкининг 4.01 Амалий сиёсатига асосан ҳар бир сублойиҳани экологик ва ижтимоий баҳолаш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1) атроф-муҳит ва ижтимоий мутахассислар кўмагида аҳоли томонидан Экологик скрининг (назорат), яъни танланган сублойиҳа атрофи ва ҳажми тўлиқ ўрганиб чиқилиб махсус 1-шакл тўлдирилади;

2) атроф-муҳит ва ижтимоий муҳофаза мутахассиси сублойиҳанинг атроф-муҳит, инсон саломатлиги ва уларнинг мол-мулкига таъсирини ўрганиб сублойиҳанинг тоифасини ва ишлаб чиқилиши зарур ҳужжатни (Экологик ва ижтимоий бошқарув режаси) аниқлаб беради ва лойиҳачи ташкилотга маълум қилади;

3) лойиҳачи ташкилоти томонидан ҳужжат ишлаб чиқилади ва Жаҳон банки томонидан маъқулланади, кейинчалик пудратчи ташкилотнинг тендер ҳужжатларига илова қилинади. Пудратчи ташкилот қурилиш ишларини тўлиқ амал қилган ҳолда иш юритади;

4) тайёр ҳужжат аҳолига ошкор қилиш ва уларнинг таклиф-фикрларини ўрганиш мақсадида Жамоа муҳокамасига тақдим қилинади;

5) қурилиш ишлари жамоатчилик, атроф-муҳит ва ижтимоий муҳофаза мутахассиси ва давлат органлари томонидан назорат қилиб борилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, лойиҳа доирасидаги фаолиятда экологик хавф-хатарларни олдини олишда лойиҳадан олдинги ва лойиҳа давридаги ҳужжатларини тайёрлаш босқичига катта эътибор қаратилади. Аминмизки, ушбу жараён мамлакатимиздаги бўлиб ўтаётган инфратузилмавий ўзгаришларда экологик адаптациясига ижобий таъсир кўрсатади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА

Лойиҳа мутахассиси

Диёра ҒУЛОМОВА

суҳбатлашди.

ЎзА