Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришнинг янги уфқлари
15:36 / 2024-12-11

2024 йил 10 декабрь куни Тошкентда қишлоқ аҳолиси ҳаётини ўзгартирадиган ташаббусларни амалга ошириш билан боғлиқ ютуқлар муҳокама қилинди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда амалга оширилаётган “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” ва “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаларининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу лойиҳалар Ислом Тараққиёт банки ва ОПЕК Халқаро тараққиёт фонди томонидан молиялаштирилмоқда. Бу лойиҳалар олис ҳудудлар аҳолиси учун энг зарур эҳтиёжлар, яъни яхшиланган электр ва сув таъминоти, таъмирланган йўллар, сифатли тиббиёт ва таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратмоқда. Йил якунларидан келиб чиқиб ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу лойиҳалар қишлоқ аҳолиси ҳаётини қулайроқ ва келажагини ёрқинроқ қилишга катта ҳисса қўшмоқда.

Учрашувда вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда халқаро ҳамкорлар иштирок этиб, 2024 йил натижаларини муҳокама қилди ва 2025 йил учун режалар белгиланди.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Самандар Садуллаев таъкидлаганидек, қишлоқ ҳудудларида турмуш даражасини ошириш мамлакатимиз ривожланишининг устувор йўналишларидан биридир. Бу бизнинг энг яхши лойиҳаларимиздан бири бўлиб, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларда амалий натижаларга сабаб болиб, олис ҳудудларнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшмоқда.

Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш лойиҳаси (I-фаза)

Шуни таъкидлаш жоизки, ўтаётган йилнинг муҳим ютуқларидан бири 40 та маҳаллани комплекс ривожлантириш режаларининг ишлаб чиқилиши бўлиб, бу жараёнда маҳаллий аҳоли фаол иштирок этди. Ушбу режалар фақат ғоялар жамланган рўйхат эмас, балки Қорақалпоғистон, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидаги қишлоқ ҳудудларида янги ижтимоий инфратузилмани тиклаш ва барпо этишга ёрдам берадиган 895 та суб-лойиҳани амалга ошириш учун чинакам йўл харитаси ҳисобланади.

Aсфальтланган йўллар ва яхшиланган канализация тизимларидан тортиб янгиланган тиббиёт муассасалари ва мактабларни қамраб олган ҳар бир суб-лойиҳада маҳаллий аҳоли эҳтиёжлари ва орзу-умидлари акс этган. Лойиҳалар доирасида маҳаллаларда 1491 кишидан иборат 170 та ташаббускор гуруҳ ташкил этилиб, улар белгиланган вазифаларнинг бажарилишини назорат қилмоқда. Қувонарлиси, аёллар бу жараёнларда фаол иштирок этиб, бу ишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, лойиҳа биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали одамлар ва сайёрамиз ҳақида ғамхўрликни бирлаштиради. Масалан, Оролбўйи ҳудудидаги қишлоқ тиббиёт пунктларида пропан кондиционерлари ўрнатилди, бу еса карбонат ангидрид газининг ҳавога чиқишини сезиларли даражада камайтиради. Бундай ташаббуслар иқлим ўзгариши билан боғлиқ таҳдидларга нисбатан заиф бўлган аҳоли учун ўта муҳимдир. Маҳаллий мутахассисларга кондиционер тизимларидан фойдаланиш бўйича тренинглар ўтказилди, бу эса иштирокчиларга кундалик турмушда уй жиҳозларидан онгли равишда фойдаланиш имконини берди.

Ўтган йил давомида қишлоқ аҳолиси салоҳиятини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги, энергия самарадор лойиҳалаш ва қурилиш, иқлим ўзгариши, электрон тижорат, давлат хизматларини онлайн шаклда олиш ва бошқа кўплаб соҳаларда 12 та турли тренинг ташкил этилди. Тренингларда 1852 киши иштирок этди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Aкико Фужии таъкидлаганидек, лойиҳа қишлоқ маҳаллаларини рақамли трансформация қилиш имкониятларини максимал даражада оширади. Лойиҳа туфайли 54 190 нафар маҳаллий аҳоли давлат хизматларидан рақамли фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, 8 та қишлоқ мактаби янги IТ-ускуналар, жумладан, 128 та компьютер ва интерактив смарт доскалар билан таъминлангани ёш авлод учун янги имкониятлар очмоқда.

Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” (II-фаза)

2024 йилнинг муҳим воқеаларидан бири Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг 21 та туманидаги 157 та маҳаллани қамраб олган иккинчи лойиҳанинг ишга туширилиши бўлди. Қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини оширишга қаратилган катта мақсад ва вазифалар 2028 йилгача амалга оширилиши режалаштирилган.

Қисқа муддат ичида янги ўзгаришларга кучли туртки берган муҳим тадбирлар ўтказилди. Учта пилот ҳудуддаги 157 та маҳаллада аҳолини лойиҳани амалга ошириш жараёнига кенг жалб қилиш ва ўз маҳаллаларини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилишда фаол иштирок этиш мақсадида тренинглар ташкил этилди. 11 минг киши, шу жумладан 4 минг 413 нафар аёл, ўз ҳаётларини яхшилаш учун қандай ўзгаришлар қилиш мумкинлигини муҳокама қилди.

Ушбу учрашувлар фақат фикр алмашиш билан чекланиб қолмади, бу маҳаллаларни ривожлантириш бўйича аҳоли эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда қарорлар қабул қилиш имконияти бўлди. Натижада фермерлар, ёшлар, тадбиркорлар, шунингдек 345 нафар аёл ва 15 нафар ногиронлиги бўлган шахслардан иборат 157 та ташаббускор гуруҳ ташкил этилди. Бу эса ўз навбатида лойиҳанинг инклузив ёндашувини таъминлади. Ушбу гуруҳлар суб-лойиҳалар амалга оширилишини назорат қилиб боради ва келажакдаги ўзгаришлар учун ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучга айланади.

Кейинчалик аҳоли таклиф қилган объектлар бўйича текширувлар ва баҳолашлар ўтказилди, натижада 780 та суб-лойиҳа маҳаллани комплекс ривожлантириш режаларига киритиш учун тасдиқлашди. Ҳар бир суб-лойиҳа маҳаллий ҳокимият органлари, вазирлик ва идоралар вакиллари билан учрашувларда муҳокама қилинди, ҳар бир қадам пухта ўйлаб чиқилди ва келишилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 41 та маҳаллани комплекс ривожлантириш режалари ишлаб чиқилди, уларнинг ҳар бири ривожланиш, гендер тенглиги ва экологик барқарорликка қаратилди. Ушбу ҳужжатларда маҳаллий аҳолининг орзу ва мақсадлари ўз аксини топди, улар ушбу кенг миқёсли жараённинг бир қисмига айланди.

Лойиҳалар ҳақида батафсил: https://go.undp.org/JGd

ЎзA