Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Қишлоқ ҳўжалигида билим ва инновациялар Миллий марказининг 2021 йил фаолияти таҳлили ҳамда марказ томонидан 2022-2026 йилларда амалга ошириладиган устувор йўналишлар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан фан, таълим ва агрохизматлар тизимини ривожлантириш мақсадида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази ташкил этилган.
Ҳудудларда агрохизматлар марказларини ташкил этиш бўйича 2021 йил 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик илмий маркази ҳамда Тошкент вилояти агрохизматлар маркази фаолияти йўлга қўйилди.
Агрохизматлар марказида (АКИС) давлат корхоналари томонидан “ягона дарча” тамойили асосида 17та йўналишда 140 дан ортиқ хизматлар шунингдек, хусусий сектор томонидан 18та йўналишда янги замонавий хизматлар кўрсатиш ташкил этилди.
Дронлар ва сунъий йўлдош орқали ҳар бир контур бўйича экинлар ривожланиши, касалликлари, ҳосилдорликни чамалаш бўйича космик суратлар ва сунъий интеллект ёрдамида ерларни мониторинг қилиш тизими тўлиқ жорий этилди.
Агрохизматлар марказида бизнес режаларни тузиш, қўшимча қийматни ривожлантириш, банк хизматлари, хорижий кредит ва грант линияларини тақдим этиш каби хизматлар йўлга қўйилди. Хорижий экспертлар маслаҳатларини эътиборга олган ҳолда ҳудудий Агрохизматлар марказининг янгиланган таркибий тузилмаси ишлаб чиқилди.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳозирда, Андижон, Жиззах, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида агрохизматлар марказлари биноларини таъмирлаш ишлари бошланди.
Шунингдек, Миллий марказ тизимида 2021 йил давомида жами 84 та,(43,7 млрд сўм), шу жумладан 3та ҳалқаро, 7та тижоратлаштириш лойиҳалари бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилди. Ўтган йилда Миллий марказ тизимидаги илмий ташкилотлар томонидан 35,9 миллиард сўмлик 62 та илмий лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган танловларда янгидан ютиб олиниб, тадқиқотлар олиб борилди.
Аграр таълим ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича Тошкент давлат аграр университети дунёнинг нуфузли 1 000 та олий таълим муассасалари рўйхатининг (Times Higher Education) IMPACT RANKINGS халқаро рейтингида ҳамда 2021 йил “UI GreenMetric” халқаро рейтингда дунёнинг топ-1000талигидан ўрин эгаллади.
Таълим муассасалариаро “Экофизиология тадқиқотлар” илмий лабораторияси ташкил этилди. Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиали негизида Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ҳамда Термиз филиали негизида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ташкил этилди.
Анжуманда 2022-2023 йилларда амалга ошириладиган устувор вазифалар хусусида ҳам маълумот берилди.
Қайд этилишича, 2022 йил якунига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда ҳудудий агрохизматлар ишга туширилади. Ўмон султонлигининг “Atyab Foodtech” компанияси билан биргаликда Тошкент ва Фарғона вилоятлари агрохизматлар марказида “Organic”, “Global GAP”, “Halal”, “BRC”, “BCI” талаблари асосида замонавий лабораториялар ташкил этилади.
2023 йилдан бошлаб туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари негизида туман агрохизматлар марказлари ташкил этилади.
Илмий-инновацион фаолият бўйича хорижий экспертлар билан биргаликда 14та илмий-тадқиқот муассасалари трансформация қилинади ва Фундаментал фанлар илмий маркази ташкил этилади.
Хитой генофондидан ғўзанинг 10та, АҚШдан 5та навлари олиб келиниб, маҳаллий селекция тизмида истиқболли генетик формалар ажратиб олинади ҳамда мазкур формалар асосида қурғоқчиликка, шўрга чидамли ва зараркунандаларга бардошли бўлган навлар яратилади. Ҳар йили 5-7та ўрта толали ва 2-3та ингичка толали янги навлар яратилиб, ҳар 5 йилда нав алмаштириш таъминланади. АҚШ, Германия, Мексика тажрибалари асосида эртапишар, оқсил ва клейковина миқдори юқори 2 та ғалла навлари яратилади. Шоличилик соҳасида йилига камида 4 та хорижий ва маҳаллий навлари интродукция қилинади, бунда сув кам талаб қиладиган шоли навларига аҳамият қаратилади.
Сабзавотчилик соҳасида сабзавот, полиз экинларининг бирламчи уруғчилик тизими такомиллаштирилиб, 80 фоиз очиқ дала ва 10 фоиз иссиқхона маҳаллий навлар билан таъминланади ҳамда сабзавот экинлари навлари ҳар 5 йилда алмаштирилади.
Ноанъанавий сабзавот экинлари интродукцияси, селекцияси ва бирламчи уруғчилиги ташкил этилади ва 4та экин турини - бамия, бош салат, япон ва манзарли карам жами 4та, тўқсонбости муддатда етиштришга мос саримсоқпиёзни 2 та, ултра эртапишар пиёзни 2та янги навлари яратилади.
Мевачилик ва узумчилик соҳасида шимолий, ўрта ва жанубий минтақаларга мос, касаллик ва зараркунандаларга ҳамда қурғоқчиликка чидамли 2та олма, 1та нок, 1та ўрик, 1 та олхўри, 1 та лимон, 2та шафтоли, 1та анор, 1та қулупнай ва 1та қорағат навлари яратилади.
Мева, узум ва декоратив экин турларининг 3 миллион дона кўчатлари етиштириш, шундан, 1,5 миллион дона узум, 10 миллион дона тут кўчати, 150 минг дона гул кўчатлари етиштирилади.
Аграр таълим тизимини ривожлантириш бўйича Royal Agriculture University, Vytautas Magnus University ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таъсисчилигида қишлоқ хўжалиги бўйича Халқаро университет ташкил этилади.
Халқаро университет ташкил этиш бўйича АҚШ ва Европа Иттифоқининг 5та олий таълим муассасалари хорижий экспертлари иштирокида инфратузилма, бошқарув тизими ва ўқув дастурлари тайёрланди ҳамда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 200нафар талабалар қабул қилинади.
Вазирлик тизимидаги олий таълим муассасалари фаолияти ислоҳ қилиниб, бунда уларни Халқаро рейтингда 1000талик дунё қишлоқ хўжалиги университетлари даражасига етказилади.
Г.Бобоева,
ЎзА