15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни.
Ушбу кун дунё миқёсида қишлоқда яшайдиган хотин-қизларнинг ҳаёти, меҳнати ва жамиятдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратиладиган муҳим сана ҳисобланади. Ушбу сана муносиб тарзда нишонланаётган ҳудудлардан бири – Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани бўлиб, бу ерда “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса қишлоқ аёлларининг ҳаёт сифатини ошириш борасида амалий ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Пахтакор тумани қишлоқларида истиқомат қилувчи 49 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ёрдамга муҳтож аёлларнинг шахсий эҳтиёж ва орзу-истаклари ўрганилди. Бу аёлларга нафақат моддий ёрдам, балки маънавий-маърифий кўмак, психологик таянч ва қўллаб-қувватлашни оширишга қаратилган семинарлар ташкил этилаётганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
Яқинда эса кайфиятларини янада кўтариш ва юртимиз ҳақида янги таассуротларга эга бўлишлари учун туман аёлларининг бир гуруҳи Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига 3 кунлик саёҳатга бориб келишди.

Халқаро қишлоқ аёллари куни – бу фақат бир кунлик нишонланадиган сана эмас. Шу куни бутун жамият қишлоқ хотин-қизларининг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, бахт ва келажакка бўлган ишончларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ташаббуслар ҳақида яна бир бор ўйлаб кўради.

Юртимизда амалга оширилаётган кўплаб эзгу ишлар натижасида қишлоқдаги ҳар бир аёл ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қилаётир. Айниқса, уларнинг юзидаги табассум ва қалбларидаги умид – бу эзгу саъй-ҳаракатларнинг энг катта ютуғидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА