Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ аёллари куни кенг нишонланмоқда
14:48 / 2022-10-07

Бухоро вилоятида 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни кенг нишонланмоқда. Тадбирларни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида давлат ва нодавлат ташкилотлари жалб этилган.

Ромитан тумани ҳокимлиги ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси фаоллари ва депутатлар иштирокида ушбу санага бағишланган бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.

Фаоллар туман далаларида пахта йиғим-теримида қатнашаётган қишлоқ аёлларининг ҳолидан хабар олишди. Тумандаги “Янгиобод” ҳудудига қарашли “Саид Нурмуҳаммад” фермер хўжалиги далаларида йиғим-теримга иштирок этаётган илғор теримчи аёллар ҳузурида бўлиб уларни хўжаликда шартномавий режа бажарилиши билан қутлашди. Бу ғалабага эришишда теримчи хотин-қизларнинг ҳиссаси катта эканлиги таъкидланди. Пешқадам теримчилар учун дастурхон ёзилиб байрам тадбири ташкил этилди.

– Инсон қадри юқори бўлган юртда яшаётганимдан хурсандман, – дейди илғор теримчи Лола Авезова. –Юртимизда ҳар куни байрам. Мана бугун ҳам бизнинг хўжалигимизда катта шодиёна бўлмоқда. Бундан жуда ҳам хурсандмиз. Шодиёна сабаб илғор теримчиларимиз рағбатлантирилди. Мутасаддилар томонидан муаммоларимиз ўрганилмоқда. Таълим олиш, меҳнат қилиш, фаровон турмуш кечиришимиз учун зарур шароитлар яратилмоқда. 

Туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан тақдим этилган концерт дастури барчага  манзур бўлди.

Маълумот учун, БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабрдаги “Қишлоқ ҳудудларида аёлларнинг аҳволини яхшилаш” тўғрисидаги резолюциясига асосан 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни деб эълон қилинган.

БМТ мазкур кунда қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи аёлларнинг муаммоларига эътибор қаратишга, хусусан, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш,  зўравонлик ва тазйиқдан ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлашга чақиради.

Мамлакатимизда ҳам октябрь ойининг 15 санаси “Қишлоқ аёллари куни” деб белгиланган.

 

Зариф Комилов,  ЎзА