Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбарияти, филиал раҳбарияти, туманлардаги ветеринария бўлимида фаолият юритаётган аёл ходималар ҳамда филиал жамоаси иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда қишлоқ аёлларига яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашга бўлган давлат эътибори тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Бугунги кунда юртимизда қишлоқ аёлларининг меҳнатини рағбатлантириш, уларни тадбиркорлик, касаначилик, чорвачилик ва бошқа соҳаларга кенг жалб этиш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу эса уларнинг нафақат ўз оиласида, балки жамиятда ҳам фаол ўрин эгаллашларига замин яратмоқда.
Тадбир давомида соҳада кўп йиллар фидокорона меҳнат қилган аёллар ҳамда филиалда фаолият юритаётган хотин-қизлар Қорақалпоғистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Байрамона рухда ўтган ушбу тадбир аёллар меҳнатига бўлган эътибор, уларнинг саъй-ҳаракатлари, садоқати ва меҳр-муҳаббатини қадрлашнинг яна бир ёрқин намойиши бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА