Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ аёллари бандлиги таъминланмоқда
12:16 / 2025-04-15

Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, интилиш ва ташаббусларини рағбатлантириш, жамиятимизнинг турли соҳаларида фаол иштирок этиши учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Бунда тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги аҳамиятлидир.

Кармана туманидаги “Betlis Madaniyat textile” корхонаси 2020 йилда Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ ташкил этилган. Корхонада ёшлар ва аёллар учун янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилган. 

– Мазкур трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехда 350 нафар маҳаллий хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган, – дейди иш бошқарувчи Динора Икромова. – Корхонамиздаги “Сируба” тикув машинкалари Туркия давлатидан келтирилган. Ҳозирда ойига 200 минг донага яқин маҳсулот тайёрланади. Ишчиларимиз учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, узоқ ҳудудлардан келувчиларга бепул автобус йўлга қўйилиб, тушлик ташкил этилган. Ишчиларимизнинг бир қисми ижтимоий дафтарларда рўйхатда турувчи хотин-қизлардир. Цехимизни янада кенгайтириш, ишчиларимиз сонини ошириш чораларини кўряпмиз. 

Дастлаб корхонада ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар “Устоз-шогирд” анъанасига асосан касбга ўргатилади. Айни пайтда уларнинг аксариятини маҳоратли тикувчилар, десак янглишмаймиз. 

Нурхон Қўзиева мазкур цехга ишга киргунига қадар болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган. Уч фарзанднинг онаси, 6 нафар неваранинг бувижониси. Нафақага чиққанидан кейин уйда бўш ўтиришни истамасдан мазкур трикотаж корхонасига ишга кирди. Дастлаб устозлардан қисқа муддатда тикувчилик касбининг сир-асрорларини ўрганди. Шунга ҳам 5 йилга яқин вақт ўтибди. Бугун эса Нурхон опа тажрибали ишчилардан бири. Ўзи ҳам бир қатор ёш қизларга устозлик қилади. 

– Шу корхонада ишлаётганимдан хурсандман, – дейди Нурхон опа. – Бу ерга ишга кирганимда тикувчиликни яхши билмасдим. Инсон қунт қилса, ўрганишга қизиқса, ёшнинг аҳамияти бўлмас экан. Дастлаб ёшим катта бўлса ҳам устозлардан тикувчиликни ўргандим. Нафақада бўлсам-да, одамлар орасидаман. Қизлар билан кулишиб, суҳбатлашиб, кийимлар тикамиз. Барча шароитлар мавжуд. Ўз вақтида иш ҳақимизни оламиз. Тушлик иш хона ҳисобидан. Харажат қилмаймиз. Оиламиз даромадига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман. 

Айни вақтда корхонада ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотларига талаб ортиб боряпти. Бу эса экспорт салоҳиятининг ошишига ҳам сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда Нурхон опа каби тикувчилар томонидан тикилаётган трикотаж маҳсулотлари Россия, Қозоғистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

А.Бўриев, ЎзА мухбири