Қишлоқдан анча узоқ бўлсада Олима ая учун бу далаларнинг ҳар бир қаричи қадрдон. Тупроқ йўлларини бир кун кўрмаса ҳаловати йўқолади. Қирқ йилдан ортиқ шу ерга қатнаб, далаларга меҳри тушди.
Тақдир ёзуғидаги ташвишларни меҳнати, сабри билан аритди. Бугун ҳам аяни даладан топасиз. Айниқса, шу кунларда пахтани ёғин-сочинли кунларга қолдирмай териб олиш учун қадрдон пайкалларга ошиққан. Ҳа, бу қишлоқ аёлининг меҳнатсеварлиги, ҳалоллиги таҳсинга лойиқ.

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Қоражийда қишлоғида яшовчи Олима ая Охунова меҳнат ортидан ҳурмат-эътибор қозонган. Турмуш ўртоғи эрта вафот этгандан сўнг беш нафар фарзанд унинг қўлида қолди. Марказий Фарғона чўлида жойлашган фермер хўжалигини бошқаришни ўз зиммасига олиб, тинмай ишлади. Унумдор бўлмаган ерларда пахта, ғалла етиштиришнинг машаққати бор. Ая бундан асло чўчимади, керак бўлса, ер билан тиллашди. Тажрибали деҳқонларни маслаҳатини олиб, агротехник тадбирларни сифатли бажаришга киришди. Ўша пайтларда пахтадан бор йўғи 25 центнер ҳосил олинарди.
Бугунга келиб эса ҳосилдорлик 40 центнерни ташкил этмоқда. “Деҳқоннинг косаси оқармайди” деган гаплар эскирди. Олима ая каби қишлоқ хўжалигининг усталари йирик мулкдорга айлангани буни яққол исботлаб турибди. 70 ёшни қоралаган бу аёл айни кунларда фарзандлар, невараю эваралар ардоғида.

– Яратганга доимо шукр қиламан, кўп ниятларимга етдим, – дейди ая биз билан суҳбатда. – Меҳнат қилган киши ҳеч қачон бировнинг қўлига қараб қолмайди, ризқига яраша даромад топади. Беш фарзандимни ўқитдим, уйли-жойли қилдим. Фермер аёл сифатида туманда ҳурмат топдим. Бугун қишлоқдаги ўзгаришларни кўриб рости ҳавасим келади. Гўзаллик салони фақат шаҳарда бўларди. Қишлоғимизнинг ўзида икки- учта ана шундай маскан бор. Тўйхона, супермаркетлар халқ хизматида.
Ҳа, шукроналикда, ҳалол меҳнатда ҳикмат кўп. Қишлоқнинг содда бир аёли билан суҳбатлашиб, буни ҳис этдик.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА