Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишлоқ аҳолисининг яшаш тарзи юксалмоқда
15:29 / 2021-05-12

“Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг ўтган даврида 4 минг 150 метр ичимлик сув ва 200 метр оқова сув тармоғини капитал, 65 минг 800 метр оқова сув тармоғини таъмирлади.

Йилнинг ўтган даврида дастурда белгиланган ишларни амалга ошириш учун корхона 11 370,1 миллион сўм ўз маблағини сарфлади. Термиз туманида аҳолининг 43 минг 500 нафари ёки 55,4 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Туманда 6 та қудуқ ва 51 та алоҳида тик сув қудуқлари мавжуд. Ўтган йилги инвестиция дастурига мувофиқ 3,58 миллиард сўм маблағ эвазига 22,3 километр сув тармоғи, 3 та сув иншооти қурилиб, реконструкция қилинди. Жорий йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида 2 та иншоот ва 29,1 километр сув тармоғи қурилиб, эскилари реконструкция қилинмоқда. Бу ишлар аҳолининг тоза ичимлик сув билан таъминланиш даражасини 60 фоиздан оширади.  

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда вилоятнинг Сариосиё туманида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Турмушобод маҳалласида 2 та янги артезиан қудуғи қазилиб, ҳар бири 60 тонна сув сиғимига эга яна 2 та сув идиши ўрнатилди. Шунингдек, 630 Кв. ва 400 Кв. ли иккита янги замонавий трансформатор ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда маҳаллада 4 минг 144 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Эндиликда сифатли ичимлик суви билан таъминланган турмушободликларнинг кўнгиллари шод, турмуши янада обод бўлаётир.

– Қумқўрғон туманидаги Бўстон маҳалласида ҳам ичимлик суви оғриқли муаммолардан бири эди, – дейди “Сурхондарё сув таьминоти” масъулияти чекланган жамияти ахборот хизмати раҳбари Ўроқали Диёров. – Шу пайтгача бу ердаги эски сув иншооти юздан зиёд хонадонни ичимлик суви билан таъминлаган бўлса, жорий йилда ҳудудда қиймати 862 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилиб, янги ичимлик сув иншооти ўрнатилди. 5,5 километрдан ортиқ масофага қувур ётқизилиб, яна 200 та хонадоннинг ичимли сувига бўлган эҳтиёжи қопланди.  

Бойсун тумани аҳолисининг шифобахш “Хўжамайхона” булоғи суви билан таъминланаётгани тоғли ҳудудда яшаётган одамлар қалбига қувонч улашиб, ичимлик сув муаммосини бартараф этаётир. Аҳолининг бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. Бунёдкорларнинг 36 километр масофадан туманга шифобахш ичимлик сув қувурларини тортиб келиши учун республика бюджетидан 59 миллиард сўм маблағ йўналтирилган эди. Ҳозиргача тумандаги еттита маҳаллада яшайдиган 25 минг 685 кишининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қаноатлантирилди. Бу йил Оқжар маҳалласида 4,3 километр масофага сув қувури ётқизилиб, битта мактаб, мактабгача таълим муассасаси ва бошқа ташкилотлар ҳамда юзга яқин хонадонга тоза ичимлик суви олиб келинди.

Вилоятнинг Денов, Шўрчи, Шеробод каби туманларида ҳам аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш йўлида йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси кейинги йилларда қишлоқ одамлари учун муносиб турмуш шароити яратиб, аҳолининг яшаш даражасини тубдан ошириш мақсадида белгилаб олинган устувор вазифаларнинг амалдаги самарасидир.  

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА