Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани “Ўрикзор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Робот қишлоғи аҳолиси ўз яшаш ҳудудидан 18-20 чақирим узоқликда жойлашган "Ўзбекистон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 23-оилавий поликлиникага қатнар эди.

Президентимизнинг фаолияти тўхтатилган поликлиникалар ишини қайта йўлга қўйиш, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини жорий этиш юзасидан соҳа ходимларига берган кўрсатмаси ва тавсияси асосида Ўрикзор маҳалласидаги "Робот" оилавий шифокорлик пункти фаолияти йўлга қуйилди. Бунинг учун давлат бюджетидан қарийб 600 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу юмушлар "Шоҳруҳ шоҳруза версал" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан белгиланган муддатда ниҳоясига етказилди.

– Аҳамиятли томони Ўрикзорликлар ёғингарчилик кунларида овора-ю, сарсон бўлиб, ўз яшаш ҳудудларидан анча олисда жойлашган 23-оилавий поликлиникага энди боришмайди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Абдували Шаматов. – Шунга яраша шарт-шароит яратилиб, зарур тиббий жиҳозлар келтирилди.
Муҳими, мазкур муассасада бир нафар оила шифокори, икки нафар патронаж ҳамшираси аҳолига туну кун малакали тиббий хизмат кўрсатади.

– Бу биз учун, муҳим сиёсий тадбир, "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида" ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси юзасидан юртимизда 30 апрель санасида ўтказиладиган Референдум олдидан кутилмаган туҳфа бўлди, – дейди шифокорлик пункти очилишига бағишланган тадбирда иштирок этган Ўрикзорлик Ҳасан ота. – Кўп йиллик орзуимиз ушалиб, узоғимиз яқин бўлди.
Очилиш маросимида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман ҳокимлиги вакиллари, фахрийлар, нуронийлар иштирок этди. Мазкур шифокорлик пункти роботликлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА