Тошкент вилояти Бўка туманидаги олис Бўка маҳалласи том маънода бунёдкорлик, қурулиш майдонига айланган.
Маҳаллада кенг кўламли дастурларнинг амалга оширилиши юртимизда инсон қадри улуғланаётганидан, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари таъминланаётганидан дарак беради.
Давлат хизматлари агентлиги масъуллари ҳам 70 га яқин хўжалик яшаётган Алхажар қишлоғида бўлиб, аҳолининг давлат хизматлари соҳасидаги муаммолари ва мурожаатларини “хонадонбай” тизими асосида ўрганмоқда. Марказ ходимлари аҳоли орасида давлат хизматларидан уйда ўтириб ҳам фойдаланиш мумкинлиги, соҳадаги янгиликлар ва яратилаётган имтиёзлар ҳақида ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам олиб бормоқда.
Хусусан, Бахтиёр Исматуллаев хонадонига ташриф буюрган марказ ходимлари кўмагида электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ечиш ва ўрнатишга ариза берди. Тез кунда янги ҳисоблагич ўрнатиладиган бўлди. Кадастр паспортини тайёрлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича мурожаат қилган Гавҳарбек Сафиевнинг ҳам муаммоси ҳал этилди.
– Бизнинг қишлоқ туманнинг энг олис ҳудуди ҳисобланади, — дейди Алхажар қишлоғида яшовчи Мусурмонбек Йигиталиев. — Кўпинча туман марказига бориб давлат хизматларидан фойдаланишга вақтимиз ҳам, имконимиз ҳам бўлмайди. Президентимиз топшириғига асосан маҳаллаларимизда ободонлаштириш ишлари давом этаётган шу кунларда давлат хизматларидан шу ерда фойдаланяпмиз. Мутахассислар марказга бориб хизматдан фойдаланишга имконият қолдирмай, шу ернинг ўзида жихозланган автобус ёрдамида сайёр давлат хизматларини кўрсатмоқда. Ҳозиргина жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш бўйича хизматдан фойдаландим.
Ишим бир зумда битди. Мен қатори келган барча ҳамқишлоқларим ҳам давлат хизматларидан беминнат фойдаланмоқда.
Бугуннинг ўзида мобил автобус ёрдамида алхажарликларга 50 дан ортиқ давлат хизматлари сайёр тартибда кўрсатилди.
А. Мусаев, ЎзА.