ФОТОРЕПОРТАЖ
Лайлаклар мавсумий кўчиб юрувчи қушлар сирасига киради. Куз фасли охирлаётган паллада улар минглаб километр масофани босиб ўтиб, илиқ ўлкаларга қанот қоқади. Бироқ сўнгги йилларда юртимизда қиш фаслида ҳам лайлакларни учратиш одатий тус олди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, лайлакларнинг ўлкамизда қишлаши, аввало, иқлим ўзгариши билан боғлиқ. Чунки сўнгги йилларда қиш фаслида аёз забтига олмай, ҳаво ҳарорати нисбатан барқарор сақланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, инсон фаолияти лайлакларнинг хулқ-атворига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Аҳоли яшаш пунктлари яқинида қушлар учун етарли емиш топилади, баъзида эса одамлар қушларга атайин озуқа ҳозирлайдилар. Бу омиллар лайлакларнинг кўчиш эҳтиёжини камайтиради.
[gallery-27176]
Айрим ҳолларда қишлаб қолган лайлаклар яраланган ёки заиф бўлади. Улар узоқ масофага уча олмагани сабабли шу ҳудудда қолишга мажбур. Аммо қаттиқ совуқ кузатилган йилларда бу қушлар учун хавф ортади. Шу боис экологлар бундай ҳолатларни доимий кузатиб бориш зарурлигини таъкидлайдилар. Агар иқлим ўзгариши шу суръатда давом этса, келажакда кўчманчи қушларнинг кўчиш харитаси тубдан ўзгариши ҳам қайд этилади.
Шавкат ТОҲИРОВ (сурат), ЎзА