Қишки таътил шодиёнаси болажонларга қувонч улашди (видео)
Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги Навоий маҳалласида жойлашган 1-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган Янги йил байрам тадбири қувончли лаҳзаларга бой бўлди.
Мазкур байрам шодиёнаси вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тизимида хизмат қилаётган ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари, айниқса болажонларга кўтаринки кайфият улашиш мақсадида ташкил этилди. Тадбирда Янги йил руҳи, байрамона безатилган саҳна, қаҳрамонлар иштирокидаги чиқишлар болаларнинг қувончига қувонч қўшди.

Байрам дастуридан қизиқарли ўйинлар, қўшиқ ва рақслар, саҳнавий чиқишлар ўрин олди. Қорбобо ва Қорқиз иштирокидаги томошалар болажонларнинг катта қизиқишига сабаб бўлиб, уларнинг фаол иштирокида ўтди.

Тадбир якунида барча иштирокчи болажонларга Янги йил совғалари топширилди. Совғалар улар учун янада унутилмас байрам кайфиятини улашди.
Абдужалол Қаюмов (видео+сурат), ЎзА мухбири