Дунё бўйлаб эпидемиологик мураккаб вазиятда ўтказилиши кутилаётган қишки олимпия ўйинларида спортчилар ва жамоаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Халқаро олимпия қўмитаси янги қоидалар жорий этди.
Бу ҳақда Халқаро олимпия қўмитаси матбуот хизмати ва Пекин-2022 ташкилий қўмитаси хабар тарқатди.
Хабарга кўра, спортчининг ёки жамоанинг COVID-19 билан касалланганлиги тасдиқланган тақдирда баҳсларда қатнаша олмай қолганлар мусобақа қайдномасида дисквалификация сифатида кўрсатилмайди.
Спортчи ёки жамоа мусобақа давомида беллашувни давом эттира олмаса, уларнинг сўнгги натижаси ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқи ҳимоя қилинади.
Янги қоидаларга асосан баҳсларда қатнаша олмайдиган спортчи ёки жамоанинг ўрнини бошқа спортчи ёки жамоа эгаллаши мумкинлиги кўрсатилган.
Хабар берганимиздек, қишки олимпия ўйинлари жорий йилнинг 4-20 февраль кунлари ўтказилади. Ҳозирда тўрт йилликнинг баҳсларида қатнашадиган спорт делегациялари Хитойга келишни бошлашган.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА