Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишки аттестация спортдаги натижадорликка хизмат қилади
11:20 / 2024-01-23

Шу кунларда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган спорт-таълим муассасаларида ўқувчи-спортчиларни қишки аттестациядан ўтказиш жараёнлари бўлиб ўтмоқда.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги маълумотига кўра, жорий йилнинг 22-27 январь кунлари мамлакатимиздаги мавжуд 15 та Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида, бокс бўйича Баҳодир Жалолов ва гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактаби ҳамда Денов ва Урганч дзюдо спорт маҳорати мактабларида таҳсил олаётган ўқувчи-спортчилар қишки аттестациядан ўтказилади.  

Айтиш лозим, мамлакатимиз спорт шарафини нуфузли халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишда миллий терма жамоаларга иқтидорли ёшларни етиштириб бераётган Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ҳамда жойлардаги ихтисослаштирилган спорт мактаб-интернатларининг улуши катта.  

Ўтган йили Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳайъат йиғилишида таъкидланганидек, профессионал спортчилар захирасини янада кучайтириш мақсадида Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолияти янги тизим асосида йўлга қўйилди.  

Бундан икки йил муқаддам Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларидаги 9 мингга яқин спортчиларнинг 21 фоизи миллий терма жамоалардан жой олган эди.  

Спортчиларни индивидуал тайёрлашни кучайтириш мақсадида Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ўқувчилари контингенти 150 нафарга қисқартирилиб, 450 нафарга туширилди. Натижада ушбу спорт таълим масканларида шуғулланаётган 6,9 минг нафар спортчининг 30 фоизи спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларда ўз ўрнини топди.  

Бундай ижобий ўзгаришлар 2023 йил давомида барча Олимпия ва паралимпия марказларида кузатилмагани таассуфли экани ҳам бор гап. Биргина Бухоро, Гулистон, Термиз ва Жиззах Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида миллий терма жамоаларга спортчилар етказиб бериш улуши республика кўрсаткичидан ортда қолгани натижадорликка салбий таъсир кўрсатганди.  

Хўш, бу йилги ҳолат қандай кўриниш олади? Ўтган йилги камчиликлар бартараф этиладими? Маҳоратли спортчиларни тайёрлаш тизимида ижобий ҳолат кўзга ташланадими? Бошланган қишки аттестация синовлари ва кўрсаткичлари айни саволларга қисман жавоб бериши билан маҳоратли спортчиларни танлашга қаратилган.  

Аттестация спорт-таълим муассасаларида ўқувчи-спортчиларнинг спорт тайёргарлик даражаси ўсиб боришини, спорт мусобақаларида эришган натижаларини таҳлил қилиш, ўқув режанинг ўзлаштириш ҳолати, жамоатчилик ишларида қатнашганлик даражасини аниқлаш билан бирга келгусида миллий терма жамоаларга иқтидорли спортчиларни танлаш, саралаш ва йўналтириш тизимларини яхшилашга ҳам хизмат қилади.  

 

Тўлқин Рўзиев, ЎзА