Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қиши ҳам лол қолдирадиган Шоҳимардон
16:40 / 2023-01-11

ФОТОРEПОРТАЖ

Фарғона вилоятининг ички туризм салоҳиятини намоён қилиш мақсадида вилоят туризм ва маданият бош бошқармаси томонидан ҳудудларга инфо-тур ташкил этилмоқда. Режага кўра, журналист ва блогерлар иштирокидаги навбатдаги тур янги йил бошида Ўзбекистоннинг эксклави – Шоҳимардонга уюштирилди.

Инфо-тур қатнашчиларини Қадамжой тумани раҳбарлари илиқ кутиб олди.

Дастлаб, инфо-тур иштирокчилари Шоҳимардонда ХХ аср ёдгорлиги – «Ҳазрат Али Шоҳимардон» қадамжосини зиёрат қилди. Шу ернинг ўзида яна бир зиёратгоҳ – Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мақбараси ҳамда музейга ташриф буюрилди.

Ҳудуд ушбу диққатга сазовор жойларидан ташқари, ўзининг бетакрор манзаралари – осмонўпар тоғларию сувлари шаффоф сойлари билан ҳам танилган.

Шоҳимардонда бир вақтнинг ўзида икки ярим минг меҳмонни қабул қила оладиган меҳмон уйлари ҳамда хусусий фирмаларга қарашли дала ҳовлилари бор. Муҳими, бу ерда нафақат ёзда, ҳатто қиш мавсумида ҳам дам олиш учун шароит яратилган.

[gallery-10235]

Ҳавонинг совуқлигига қарамай, Шоҳимардонда, айниқса, Ёрдон қишлоғида маҳаллий туристларнинг кўплиги журналист ва блогерларнинг ҳайратини оширди. Иштирокчилар қишлоқнинг энг юқори қисмида жойлашган «Шоҳимардон Травел» туристик фирмасининг баланд тоғ ёнбағрида жойлашган дала ҳовлисида дам олди. Уларга мезбонлик қилган фирма раҳбари Манзура Мўминова қалин қор устига гилам-кўрпача тўшаб, дастурхон ёзди. Яқиндагина тандирдан узилган нон, қоқи билан чой ичилганидан сўнг, ҳовлида гулхан ёқилди. Унинг атрофида ашула айтилиб, рақсга тушилди. Турли ҳангома ва воқеалар, ҳазил-мутойибалар тадбирнинг файзини оширди.

Эртаси куни мезбонлар ҳамроҳлигида Қирғизистон Республикаси Қадамжой шаҳрида жойлашган Ҳайдарконга, аниқроғи, «Гавиян эс алуу жайи», деб аталадиган, арча билан қопланган пурвиқор тоғлар орасидаги туристик масканга йўл олинди.

Бу ердаги туристик мажмуа таркибига кирадиган «А» ҳарфи ва ўтов шаклидаги уйчаларда икки-уч кун қолиб, дам олиш мумкин. Туристларга, асосан, қўй гўштидан тайёрланадиган мазали таомлар, жумладан, кабоб таклиф этилади. Кулчани эслатадиган чаналарда якка ва гуруҳ бўлиб учиш эса кайфиятни кўтарибгина қолмай, чарчоқни кеткизади.

Хулласини айтганда, Ўзбекистоннинг Шоҳимардони ва Қирғизистоннинг Ҳайдарконида нафақат ёзда, балки қишда ҳам яхшигина дам олиб, уйга янги куч-қувват, хуш кайфият билан қайтиш мумкин.

Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА