Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қишга тайёргарлик – самара гарови
09:33 / 2022-09-20

Мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Мавсумни беталафот ўтказиш мақсадида барча ташкилот ва корхоналар, ижтимоий объектларда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ҳам 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш юзасидан таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Асосий муҳандислик коммуникациялари, технологик асбоб-ускуналарни барқарор ишлашга тайёрлаш, қайта ишлаш қурилмаларида амалга ошириладиган режали таъмирлаш ишларини сифатли ва ўз вақтида бажариш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. 

Белгиланган режага кўра, бугунги кунга қадар 6 та қозонда жорий, 1 та қозонда мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди. 150 та сиғим таъмирланди. 9 тасида тозалаш ишлари бажарилди. 110 метр электр тармоқлари, 7 та трансформатор подстанцияси, 1 та дизель электр станцияси, 200 метр кабель эстакадалар таъмирланди. 3030 метр иссиқлик тармоқлари таъмирланиб, 340 метри изоляция қилинди. 7 та газ тақсимлаш пунктлари (ГТП) назоратдан ўтказилди. 2000 метр сув тармоқлари таъмирланди. 4 та узлуксиз электр таъминоти (UPS), 33 та захирани автоматик улаш қурилмаларини (АВР) ишчи ҳолати текширилди.

Завод бўйича 10-сонли газ конденсати ва нефтни атмосфера босими остида қайта ишлаш қурилмаси ва 12-сонли керосинни демеркаптанлаш қурилмаси таъмирланди. Қурилмада таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун барча моддий-техник ресурслар ва эҳтиёт қисмлар тайёр ҳолатга келтирилди. Қурилмани сифатли таъмирлаш натижасида куз-қиш мавсумида тўхтовсиз, барқарор, ишончли ишлашини ва белгиланган режа кўрсатгичлари бажарилишини таъминлашга эришилади.

Айни пайтда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг тегишли бўлим ва департаментлари мутахассисларидан иборат гуруҳ томонидан қурилмаларда барқарор ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш учун режали таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда завод томонидан суюқ углеводородларни кунлик қайта ишлаш ўртача 6 минг тоннани ташкил этмоқда. Шундан ўртача кунлик ишлаб чиқариш кўрсаткичлари автобензин 2,7 минг тонна, дизел ёнилғиси 2 минг тонна, авиакеросин 0,5 минг тонна, мазут 0,3 минг тоннани ташкил этади.

Бундан ташқари, куз-қиш мавсумида республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида завод томонидан етарли миқдорда захира яратилмоқда.

 

Зариф Комилов, ЎзА