Юртимизда кунлар совиб, қиш мавсуми бошланди. Демак, мавсумга тайёргарлик ишларини тезроқ якунлаш лозим.
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари давом этмоқда.
Туманда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, газ, электр энергия, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги, Ички ишлар, Солиқ, Фавқулодда вазиятлар, туман сув таъминоти идоралари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат бўлган 75 та гуруҳ ташкил этилган.

Гуруҳлар томонидан ҳозирги кунга қадар 79 та кўп қаватли уй, 73 та мактабгача таълим ташкилоти, 67 та умумтаълим мактаби ва 23 та даволаш муассасасида ўрганишлар ўтказилди.
–Аҳоли турар жойларини ўрганиш давомида 2 та печнинг хавфсизлик автоматикасининг носозлиги, 45 та носоз дудбурон, 22 та ностандарт шланг орқали газ мосламаларига уланганлиги ҳолатлари аниқланди, –дейди туман ҳокимининг 1-ўринбосари Барака Толибов. –Маҳаллаларда қиш мавсумига тайёргарликни кучайтириш мақсадида 1550 та хонадонда тарғибот ташвиқот ишлари олиб борилди. Ташкил этилган таъмирлаш-тиклаш отрядлари томонидан аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

Маҳаллалардаги бўялмаган газ қувурлари гуруҳ аъзолари томонидан таъмирланди ва бўялди. “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кўп қаватли уйларда локал иситиш қозонлари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳудудлардаги носоз симёғочлар таъмирланди ва таъмирга яроқсизлари алмаштирилди.
Айни кунда бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат). ЎзА мухбирлари